АҚШда янги иш ўринлари сони ортиб бормоқда

Май ойида АҚШ иқтисодиётида кутилганидек 675 000 та эмас, балки 559 000 та янги иш ўринлари яратилди. Америкада ўтган ойда 559 000 та янги иш жойлари очилиб, апрель ойидаги кўрсаткичлардан икки баравар юқори натижага эришилди.

“Иқтисодиёт асталик билан ўз изига тушмоқда, ходимларга тўланадиган иш ҳақи икки бараварга кўпайган ва ишсизлик даражаси 6,1 фоиздан 5,8 фоизгача пасайган”, дейилади Америка Меҳнат статистикаси бюроси хабарномасида.

Гарчи иш ўринлари сони иқтисодчиларнинг тахминига биноан жами 1 миллионтага ҳали етмаган бўлсада, яратилганлари иқтисодиётнинг юқори даражада илгари силжиётганидан далолат бермоқда. Чунки кенг йўлга қўйилган вакцинация ишлари барча тармоқларда бизнесни қайта йўлга қўйишга имкон беряпти. NBC News таҳлилига кўра, ҳозирга қадар америкаликларнинг ярми тўлиқ эмланган ва Қўшма Штатлардаги тасдиқланган коронавирус ҳолатлари 2020 йил мартидан бери кузатилмаган паст даражага тушиб кетган.

“Дунёдаги бирор-бир йирик иқтисодиёт бизникидек тез суръатлар билан ўсиб бормаяпти. Эришаётган ушбу муваффақиятларимизнинг ҳеч бири тасодиф эмас. Бу фақатгина омад эмас “, – деди Президент Жо Байден жума куни қилган чиқишида.

Шунга қарамай, корхоналар ҳали ҳам ишчилар етишмовчилигидан шикоят қилмоқдалар.