Арзон оёқ кийими туфайли ишдан ҳайдалди

Лондонда официант қиз ишга арзон оёқ кийимида келгани учун ишдан ҳайдалди.

24 яшар талаба Хайди Хендерс Heavenly Desserts ширинлик кафесида ишлаётган эди. Унинг айтишича, кафе бошқарувчиси аввалига уни сифатлироқ оёқ кийими сотиб олиши кераклиги, акс ҳолда бунинг нархи қизнинг маошидан ушлаб қолиниши борасида огоҳлантиради.

Талаба қимматроқ оёқ кийими сотиб олишга қурби етмаслигини, шундоқ ҳам кийиб юрган туфлисига 30 фунт стерлинг тўлаганини айтиб, янгисини сотиб олишни рад қилган. У иш ерида соатбай бор-йўғи 9 фунт олишини ҳам қўшимча қилган.

Талаба кафе маъмуриятига ўзининг молиявий аҳволини тушунтиришга ҳаракат қилиб, унга бепул оёқ кийими беришларини илтимос қилган, аммо бошқарувчи унга қимматбаҳо мол сотиладиган Clarks дўконидан ўртача 60 фунт стерлингга янги оёқ кийим сотиб олишни тавсия қилган.

Хендерснинг айтишича, у бу талабни бажаришдан бош тортгач, эртаси куни кафе маъмурияти уни “ягона иш сиёсатига амал қилмаганлиги учун” ишдан бўшатган ва барча ижтимоий тармоқларда блоклаб қўйган.

Талаба қиз Буюк Британияда хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларига ҳеч қандай ҳурмат кўрсатилмаслигини айтиб, бўлиб ўтган воқеадан норози эканлигини ва барчанинг бундан хабардор бўлиши кераклигини таъкидламоқда.