Аёзқальани биласизми?

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида жойлашган Аёзқалъа милоддан аввалги IV-III асрларга оид тарихий ёдгорликдир. Ёдгорлик 3 та шаҳарча комплексидан иборат бўлган.

Аёзқалъанинг биринчи шаҳарчаси Хоразм воҳасини Қизилқум ва Қоратоғ томонидан келиши мумкин бўлган кўчманчи босқинчилардан ҳимоя қилиш учун қурилган, деб тахмин қилинади. Иккинчи шаҳарча тахминан милодий VII аср охири, VIII аср бошларида Афригид сулоласи ҳукмронлиги даврида қурилган. Учинчи шаҳарча эса милоддан аввалги IV-III асрларга тегишли.

Халқ орасида қалъа ва унинг номи билан боғлиқ афсоналар мавжуд. Айтишларича, шу ернинг ҳокими вафот этганида унинг меросхўри йўқлиги боис “бахт қуши” ёрдамида янги ҳоким халқ орасидан танланади. Яъни, бахт қуши 3 марта учирилганида ҳам оддий чўпон Аёзнинг елкасига қўнади ва у тахтга ўтқазилади. Янги ҳоким ўзининг чўпонлик даврини эсдан чиқармаслиги учун эски чориғини тахтининг рўпараси, доим кўзи тушиб турадиган жойга, кириб чиққанида боши тегиб туриши учун эшикнинг тепасига осиб қўяди. Аёз элпарвар, инсофли, диёнатли ҳоким бўлгани учун халқ уни севиб, қалъани “Аёзнинг қалъаси”, деб атаб келган. Яна бир тахмин – қалъа юқори тепаликда жойлашгани боис, бу ер доим шамолли ва совуқ бўлган. Шу боис халқ тилида аёзли қалъа дейилган.

Аёзқалъа Буюк Ипак Йўли бўйида жойлашгани ва қалъа орқали карвонлар қатнагани археологик илмий топилмалар орқали исботланган. Ҳиндларга мансуб бўлган Гандхар услубида ишланган ҳайкалча, Хитой шойи матоси бўлаги, рус халқи эски алифбосида ёзилган муҳр кабилар шулар жумласидан. Археологик топилмалар орасидаги тегирмон тоши, тандир, дон ва узумдан ишланган ичимлик қолдиғи сақланиб қолган хумлар бу ерда аҳоли зич яшаганини ҳамда воҳада деҳқончилик, боғдорчилик, савдо-сотиқ ривожланганини тасдиқлайди.

Мазкур ёдгорлик билан яқиндан танишиш учун ҳар йили дунёнинг кўплаб давлатларидан сайёҳлар ташриф буюради. Сайёҳлар учун “Аёзқалъа-тур” туристик кемпинги ташкил қилинган. Кемпингда 20 га яқин ўтов мавжуд.

Исо Жабборовнинг Қадимги харобалар тарихи китобидан олинди