Баъзи манбаларда Қашғар хўжалари ҳақида тарихий маълумотлар

Қўқон хонлиги тарихи бўйича кўплаб манбалар ёзилган бўлиб, ушбу манбалар орасида тошбосма китобларнинг ўзига хос ўрни бор. Хусусан, Қўқон хонлиги тарихига бағишлаб, тошбосма китоб тарзида эълон қилинган “Мунтаҳаб ат-таворих” ва “Тарихи Шоҳрухия” китоблари муҳим аҳамият касб этади. “Мунтаҳаб ат-таворих” асарининг муаллифи Ҳакимхон болалик давридан Қўқон хонлари саройида яшаган ва Жаҳонгир хўжа билан яқин алоқада бўлган. Жаҳонгир хўжанинг ғазоват юришлари ҳақида ҳам Ҳакимхон томонидан батафсил маълумотлар қайд қилинган. Аммо, Ҳакимхоннинг Қўқон хони Муҳаммадалихонга адовати бўлган. Шу боис ҳам унинг асаридаги Муҳаммадалихонга тегишли қисмларни қиёсий материаллар асосида таҳлил этиш лозим. Энди эса асосий масала, яъни Қашқар хўжаларининг тарихий манбаларда ёритилиши ва уларнинг тарихига диққатимизни қаратишимиз мумкин. XVI асрдан бошлаб Қашғар хўжалари Шарқий Туркистон минтақасида катта таъсирга эга бўлган. Улар Махдуми Аъзамнинг авлодлари ҳисобланиб, Офоқия ва Ишқияга бўлинган. Мақолада Офоқия хўжаларини таҳлил этишга ҳаракат қилинди. Қашғар хўжалари XIX асрда ҳам Шарқий Туркистонда бир-неча марта ғазавот урушларида қатнашганлар. Тарихдан маълумки, Қўқон хонлиги ва Қашғар хўжалари ўртасидаги ўзаро алоқалар Қўқон хони Норбўтабий ва Қашқар хўжаларидан бири бўлган Саримсоқ даврида бошланган эди. Саримсоқ Офоқхўжанинг авлодларидан бўлиб, Цин (Чин) империяси Шарқий Туркистонни босиб олган вақтда улардан енгилган ва хонликларга бош олиб кетган. Бу даврда Қашғар хўжаларидан фақатгина Саримсоқнинг хонликлар ҳудудига қочиб кетишига сабаб, унинг муридлари унга яширинча мадад берганлар. 1788 йилда Цин империяси Саримсоқнинг Хўжандда яшаётганлигини билиб, Норбўтабийдан уни Цин империясига топширишни талаб қилган. Аммо, Норбўтабий бу талабни рад этган. Бу хабарни эшитган Цин императори Тсяълуннинг жаҳли чиққан ва 1788-1791 йилларда Қўқон савдогарларининг Шарқий Туркистонда савдо қилишини тақиқлаган .

Бу вақтда Қўқон ҳукмдорларининг хўжа ва саййидлар билан ўзаро муносабати илиқ бўлиб, шу сабабли Қўқон ҳукмдори Норбўтабий Саримсоқни ҳимоя қилганлиги эҳтимолдан холи эмас. Бироқ, бу ҳақда Қўқон хонлиги тарихига бағишланган тарихий манбаларда маълумотлар қайд қилинмаган. Қўқон хонлиги тарихига бағишланган тарихий манбаларда Қашғар хўжалари ҳақидаги дастлабки маълумотлар 1817-1818 йилларда қайд этилган бўлиб, уларда Қўқон хони Умархон томонидан Ўратепа шаҳрининг бўйсундирилиши ҳақидаги маълумотлар ёритилган . Тарихий маълумотларга кўра, бу вақтда Умархон Ўратепа шаҳрида яшайдиган саййидлар ва хўжаларни Қўқонга кўчирган. Кўчиб ўтганлар орасида Жаҳонгир хўжа ва Махмудхон Аҳрори  ҳам бўлган.

В.П. Наливкиннинг ёзишича, Умархон даврида Қўқонда хўжалар миршаблар назоратига ўтган. Қўқон хони ҳам уларга ҳурмат кўрсатиб, ўз саройида қабул қилган. Қолаверса, қатор Қашғар хўжалари ҳатто хондан ҳам молиявий кўмак олганлар. Қашғар хўжалари Қўқон хони назаротида бўлишига қарамасдан, Жаҳонгир хўжа 1817/18-1821/22 йилларда уч марта Қўқондан Қашғарга юриш қилган. Ўз навбатида Жаҳонгир хўжа билан Ҳаққули исмли амир ҳам Қашғарга борган. 1822 йили Муҳаммадали хон тахтга ўтиргандан сўнг, Жаҳонгир хўжа билан бирмунча совуқ муносабатда бўлган. Шу боис ҳам 1822 йили Жаҳонгир хўжа Ҳақққули билан бирга Қўқондан чиқиб кетган. У 1826 йилда Қашғарни ишғол этган ва унинг эски шаҳар қисмини эгаллаб, Муҳаммадали хонга хабар юборган. Ўз навбатида у ўз хатида Муҳаммадали хонни ҳам Цин империясига ҳужум қилишга даъват қилган . Муҳаммадалихон бу талабни қабул қилиб, ўз лашкарлари билан Қашғарга борган. Муҳаммадалихон Қашғарга келиб, Жаҳонгир хўжа билан учрашганда, у хон билан отдан тушмаган ҳолда кўришган . Шундан кейин у Цин қалъасидан жўнаб кетган. Ўз навбатида Муҳаммадалихон бу қалъага ҳужум қилган. Аммо у қалъани эгаллай олмасдан Қўқонга қайтган. Шу сабабли хоннинг баъзи амирлари ундан қочиб, Жаҳонгир хўжа лашкарига бориб қўшилганлар . Айнан шундан кейингина Жаҳонгир хўжа Цин қалъасини босиб олган ва Шарқий Туркистоннинг бошқа шаҳарларига юриш қилган. Кейинчалик урушларда Жаҳонгир хўжа ютқазгандан кейин амирлар Қўқонга қайтган ва ўз навбатида Муҳаммадали хон уларга совуқ муомала қилган . Бир гуруҳ тарихчилар Қўқон хонлари Қашғар хўжаларига уларнинг юришларида ёрдам беришган, деб таъкидлайдилар. Бошқа муаллифлар эса, Қашғар хўжалари ва Қўқон хонлари ўртасида келишмовчиликлар мавжудлигини таъкидлаб, улар ўзаро душманона кайфиятда бўлганликларини қайд этишган. Хусусан, Япониялик тадқиқотчи Сагучи Торунинг ёзишича, Қўқон хонлари Қашғар хўжаларига мадад бериб турганлар, чунки улар Қашғарда эркин савдо қилиш ҳуқуқини қўлган киритиб, шарқ ва ғарб ўртасидаги савдо монополияси ҳуқуқига эга бўлишни мақсад қилганлар . Қўқон хонлиги тарихи билан шуғулланган бошқа япон мутахассиси Яёи Кавахари эса, юқоридаги фикрга қарши бўлиб, Қўқон хонлиги манбаларини ўрганиш асосида Муҳаммадалихон ва Жаҳонгир хўжа ўзаро қарама-қарши бўлишган, деб таъкидлайди. Унинг фикрича, Муҳаммадалихон Қашғардан Қўқонга қайтганда кўп амирлар ва саййидларнинг Жаҳонгир хўжага қўшилиши “Муҳаммадали хоннинг Жаҳонгир хўжага ютқазиши билан боғлиқ” бўлган . Аммо, Сагучи ҳам Наливкин ва Цин империяси манбалари асосида Муҳаммадалихон Жаҳонгир хўжага қарши бўлиб, Шарқий Туркистонни ўз таъсирига киритишни хоҳлаган, деб ҳисоблайди. “Мунтаҳаб ат-таворих” асарида ёзилишича, Қашғар хўжалари Қўқон хонлари билан бир қаторда бошқа амир ва саййидлар билан доимий яқин алоқада бўлишган. Жумладан, Саримсоқ Ўратепада яшаган даврда у Маҳмудхон билан алоқада бўлган. Чунки Жаҳонгир хўжага қўшилган амирлардан бири Тўрахон нафақат Жаҳонгир хўжанинг жияни, балки Маҳмудхоннинг укаси бўлган . Қолаверса, Маҳмудхоннинг укаси Султонхон хўжа ҳам Жаҳонгир хўжага қўшилган эди. Жаҳонгир хўжа билан унинг юришларида иштирок этган Ҳаққули ўзбекларнинг юз уруғидан бўлиб, у Ўратепа саркардаси эди . Қўқон хонлиги худудидаги Қашғар хўжалари нафақат хонлар, балки амирлар ва саййидлар билан ҳам яқин муносабатда бўлишган. Хулоса қилиб айтганда, Қўқон хонлари Жаҳонгир хўжанинг қаршилигига қарамасдан Шарқий Туркистонда ўзларининг таъсир доираларини кенгайтиришга ҳаракат қилганлар. Юқоридаги тарихий манбада асосан Қўқон хонлигидаги Қашғар хўжалари ва бошқа амирларнинг ўзаро муносабатларига кўпроқ таъриф берилган. Жаҳонгир хўжа ва Маҳмудхоннинг ўзаро дўстлиги ва уларнинг ўзбекларнинг юз уруғи билан муносабати бунга мисол бўла олади. Қўқон хонлигини тадқиқ қилган америкалик тадқиқотчи Леви Скот хақли равишда таъкидлаганидек, Қўқон хонлиги тарихи, ҳукмдорлар фаолияти ва уларнинг ўзаро муносабатларида турли ижтимоий табақаларнининг ўзига хос ўрни бўлган.

Muḥammad Ḥakim Khаn (ed. Kawahara, Y. & Haneda, K.) 2006 Muntkahab al-Tawārīkh, vol. 2, ILCAA(Research Institute for Language and Cultures of Asia and Africa, Tokyo мақоласидан олинди.