Байден маъмурияти Хоманаийга қарши санкцияларни бекор қилиш имкониятини ўрганмоқда

Американинг NBC сайти Президент Жо Байден маъмурияти Теҳрон билан ядровий келишувни қайта тиклаш чоралари доирасида АҚШ Эрон Олий Раҳбари Али Хоманаийга нисбатан санкцияларини бекор қилиш имкониятини ўрганаётганини хабар қилди.

Шанба куни, тармоқ АҚШнинг собиқ амалдори ва ушбу масаладан хабардор бўлган яна икки одамдан иқтибос келтирган ҳолда Байден маъмурияти ушбу қадамни ҳозирда Вена шаҳрида 2015 йилда тузилган битимни қайта тиклаш бўйича олиб борилаётган музокаралар доирасида амалга ошириш имкониятини ўрганаётганини айтди.

Сайт манбалари америкалик ва эронлик музокарачилар ушбу мумкин бўлган қадамни Венада бўлиб ўтган билвосита музокаралар чоғида ўзаро келишув пакетининг бир қисми сифатида муҳокама қилишганини тасдиқладилар.

Хабарга кўра, эронликлар 2019 йилда АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан ўзларининг олий раҳбарларига нисбатан қўлланилган санкцияларни хўрловчи ва асоссиз деб ҳисоблашади, гарчи бу жазо чоралари табиатан рамзий маънога эга ва амалда таъсири йўқ бўлса ҳам.

Ушбу санкциялар Хоманаий АҚШга саёҳат қилишига ва Америка компаниялари билан ҳар қандай молиявий муомалаларни амалга оширишга йўл қўймайди.