Байден Хитой компанияларининг акцияларини сотиб олишни тақиқлади

АҚШ президенти Жо Байден Хитой компанияларининг акцияларини сотиб олишни тақиқловчи фармонни имзолади. Фармонда баён этилишича, АҚШ жисмоний ва юридик шахслари Хитой компанияларига инвестиция киритиши мумкин эмас. Тегишли фармон Оқ Уй матбуот хизмати томонидан оммага етказилди.

Вашингтон томонидан тузилган ушбу қора рўйхатга Хитой ҳарбий-саноат мажмуаси билан боғлиқ бўлган 59 та ташкилотлари киритилган. “Фармон АҚШ фуқароларига Хитой корхоналарига тегишли ҳар қандай оммавий савдога қўйилган қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки сотишни тақиқлайди”, – дейилади ҳужжатда. Тақиқ жорий йил август ойининг 2 санасидан кучга киради.

Тақиқлар рўйхатига қуйидаги йирик корхоналар киритилган:

  • Хитой давлат ҳарбий саноат компанияси (CASIC);
  • Хитой аэрокосмик илмий ва технология корпорацияси (CASC);
  • China Mobile нинг Пекин ва Гонгконг бўлинмалари;
  • Хитой миллий ядро корпорацияси (CNNC);
  • Хитой миллий нефть корпорацияси (CNOOC);
  • Хитой темир йўл қурилиш компанияси (CRCC);
  • Хитой ярим ўтказгичлар компанияси (SMIC)
  • Дунёдаги энг йирик телекоммуникация компанияларидан бири Huawei ва бошқа қатор корхоналар.

Тақиқни жорий этиш тўғрисидаги қарор АҚШ миллий хавфсизлигини таъминлаш учун “қўшимча чоралар кўриш зарурати” дан келиб чиққан.

Байденнинг фармони мамлакатнинг аввалги президенти Доналд Трампнинг тегишли буйруғининг мантиқий давоми бўлди.