Байден Европа сафари доирасида Британияга етиб келди

АҚШ президенти Жо Байден чоршанба ўзининг биринчи ташқи сафарида Британияга ташриф буюрди.

Саёҳат саккиз кун давом этади ва собиқ президент Доналд Трамп давридаги кескин муносабатларни яхшилашга ва Россия билан муносабатларни тиклашга қаратилган.

Байден “Вашингтон Пост” газетасида эълон қилинган мақолада: “Ўтган асрнинг катта қисмини ташкил этган иттифоқ ва демократик институтлар замонавий даврда таҳдид ва душманларга қарши тура олишини исботлайдими?! Менимча, ҳа. Бизда бу ҳафта Европада буни исботлаш имконияти мавжуд”, деган.

Байден G7 саммитида иштирок этиш учун дастлаб Англия жануби ғарбидаги Корнуолл графлигидаги Санвес қишлоғига боради. 16 июнь куни Женевада Россия президенти Владимир Путин билан учрашади.

Саммитда ривожланаётган мамлакатларда савдо, иқлим ва вакцина ва инфратузилмани реконструкция қилиш масалалари кўриб чиқилади.

Байден Британия бош вазири Борис Жонсон билан бирга Корнуоллда, Британиянинг Европа Иттифоқидан ажралиб чиққанидан кейин икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлади.

Уч кунлик G7 саммитдан сўнг, Байден ва унинг рафиқаси Виндсор қалъасида қиролича Элизабет билан учрашади. Бундан олдин Байден 1982 йилда Делавер штатидан сенатор бўлганида қиролича билан учрашган.

Байден Брюсселда НАТО раҳбарлари ва Европа Иттифоқи билан музокаралар олиб боради. Музокаралар марказида Россия, Хитой, шунингдек, НАТОга аъзо давлатларнинг мудофаа харажатларига қўшадиган ҳиссаси бўлиши кутилмоқда.