Бир Мағриб анъанаси-барбар чойи

Барбар чойи ёки бошқа номи билан Марокко чойи шимолий Африкада жуда машҳурдир. Ҳар бир вилоятда бу чойни тайёрлашнинг ўз усули бордир ва улар бир-биридан оз бўлсада, фарқ қилади.

Барбар чойининг тарихи жуда узоқларга бориб тақалади. Кўчманчи ҳаёт тарзи кечирган барбар қабилалари учун Хитойдан олиб келинган кўк чой жазирама иссиқда энг яхши чанқоқбосди бўлган эди. Ҳозирда ҳам барбар чойи барча хонадонлардаги дастурхонда бўлиши шарт бўлган ичимликдир.

Чой таркибида кўк ёки қора чой, ялпиз ва шакар бор. Ундан ташқари турли хил зираворлар, баъзан сут ва цитрус меваларнинг бўлаклари ҳам қўшилиши мумкин.

Уйга келган меҳмон мезбон таклиф қилган чойдан ичмаса, бу хонадонга ҳақорат қилган ҳисобланади. Чой металдан ишланган узун чойнакда тортилади.

Барбар чойини тайёрлаш учун 70-80 даража қайноқ бўлган сувга чой солиб дамланади, бироз вақт ўтгач, ялпизнинг фақатгина Мағриб ўлкаларида етиштириладиган spicata туридан солинади. Чой уч маротаба қайтарилиб, кейин табга кўра шакар ва зираворлар солиб ичилади.