БМТдаги Ўзбекистон элчиси Улуғбек Лапасов UNtodayга интервью берди

Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги БМТ ваколатхонаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонасидаги элчиси Улуғбек Лапасовнинг UNtoday нашрига берган интервьюсини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Присса Чаоуи (2021 йил 24 май)

Фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, нима учун сиз дипломатик хизматга қўшилдингиз ва қандай қилиб мамлакатингизнинг Женеванинг БМТдаги доимий вакили лавозимига тайинландингиз?

Тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақаладиган, қадимий бинолар ва улуғвор ўтмиш шаҳри бўлган Самарқандда туғилганман ва болалигимдан тарихга катта қизиқишим бўлган. Турли империялар даврида Самарқанд пойтахт бўлган ва дунёнинг турли бурчакларидан элчиларини қабул қилган. Буни биз Афросиёбнинг VII  асрга оид “Элчилар расмлари” деб номланган фдевор суратларида ва XIV асрда “Амир Темурнинг Испания Элчиси Руи Гонсалес де Клавихо билан учрашганида” кўришимиз мумкин, мен бу ҳақида маълумотни мактабим билан музейга ташриф буюрганимда олганман.

Тарихга бўлган қизиқишим мени Марказий Осиёда дипломатик хизматга ихтисослашган биринчи муассаса – Тошкент Давлат Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига олиб келди. Халқаро ҳуқуқ ва муносабатлар бўйича билимларимни янада чуқурлаштириш учун мен 3-Лиондаги Жан Моулин университетида магистр босқичида, шунингдек, Франциядаги Миллий менежмент мактабининг (ЭНА) махсус курсларида таълим олдим.

 Ўқишни тугатгач, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Европа Иттифоқи ва НАТО учун масъул ходим сифатида ишлай бошладим. Ўтган йиллар давомида мен Брюссел, Париж ва Женевадаги дипломатик ваколатхоналаримизга тайинландим. 2018 йилда Женевадаги БМТ ваколатхонаси ва бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг доимий вакили лавозимига тайинландим.

Сизнинг фаолиятингизга таъсир қилган воқеа (ижобий ёки салбий) ва бунинг сабаби ҳақида гапириб берсангиз?

Женевада бўлиб ўтган кўплаб тадбирлар орасида аниқ бир воқеани ажратиб кўрсатиш жуда қийин. Аммо, мисол тариқасида, мен 2016- йил охирида Президент Шавкат Мирзиёев иш бошлаганда Ўзбекистон бошдан кечирган катта ўзгаришлар даврида дипломатик миссия аъзоси бўлиш бахтига муяссар бўлганимни келтирсам бўлади.

Ўшандан бери Ўзбекистоннинг Женевада жойлашган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги кескин яхшиланди. Мен нафақат гувоҳ бўлиш, балки бир қатор “биринчи даражали  тадбирлар”да шахсан иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим. Масалан, биз БМТ Бош директори, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари, ХМТ Бош директори ва ХМК Бош директорининг Ўзбекистонга ташрифларини муваффақиятли ташкил этдик.

Тарихимизда биринчи марта ўтган йили биз рақобатдош сайловлар натижасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлдик. Деярли 15 йиллик узоқ танаффусдан сўнг, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ва махсус протседура мандатлари эгаларининг мамлакатга ташрифлари бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Юқорида айтилганларнинг барчаси 4 йил олдин деярли имконсиз деб ҳисобланган.

Женевадаги БМТ ва унинг идоралари учун сиз илгари сурадиган асосий миллий устуворликлар қайси?

Бизнинг доимий ваколатхонамиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг кўплаб ташкилотлари ва Женевада жойлашган бошқа халқаро ташкилотлар билан ўзаро алоқада бўлиб, иқтисодий, савдо, ривожланиш ва атроф-муҳит соҳасидаги инсон ҳуқуқларидан тортиб хавфсизлик ва қуролсизланишгача бўлган кўплаб масалаларни қамраб олади.

Барча халқаро шериклар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга интилаётган Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ишида фаол иштирок этиб, уни халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун масъул бўлган ягона универсал ва глобаллашувнинг жадал жараёнлари шароитида давлатларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашаётган ташкилот деб билади.

Биз Женевада жойлашган ОҲЧР, ЖССТ, ХМТ, БИМТ, ХEИ, ХМТ, УНEСE, ЖСТ ва бошқалар каби СДГга эришишда ҳал қилувчи роль ўйнайдиган бир қатор халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қиламиз.

Ўзбекистон Президенти Жаноб Шавкат Мирзиёев 2021 йил февраль ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашнинг 46-сессиясига Мурожаатномасида бир қатор ташаббусларни илгари сурди, жумладан:

– инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистонни ислоҳ қилишнинг асосий элементи бўлиб қолиши керак;

– мамлакат ижтимоий, сиёсий ва ишбилармонлик ҳаётида аёлларнинг ролини тубдан ошириш;

– алоҳида эҳтиёжли кишиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш;

– ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

– ОҲЧР билан биргаликда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва таълим тўғрисидаги декларациясининг 10 йиллигига бағишланган Глобал Форумни ўтказиш;

– БМТ Бош котиби жаноб Антонио Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини қисқартириш бўйича қатъий чоралар тўғрисида таклифини қўллаб-қувватлаш.

Бундан ташқари, 2021-2023 йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашнинг фахрли аъзоси сифатида Ўзбекистон бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари бўйича энг юқори стандартларни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр. Шунингдек, Ўзбекистон дунёдаги денгизга чиқа олмайдиган иккита мамлакатдан биридир. Бу савдо ва транспорт масалаларини ҳукуматимиз учун энг муҳим масалага айлантиради.

Ўзбекистон асосан нималари билан машҳур?

Ўзбекистон ноёб мамлакат бўлиб, унинг тарихи бир минг йилликдан кўпроқ вақтни ўз ичига олади. Бу мамлакат тарихта Шарқ Уйғониш даври-Ренессансининг  бешиги сифатида танилган.

Мирзо Улуғбек (XV асрда Самарқанд расадхонасини қурган таниқли ҳукмдор, астроном ва математик), Заҳириддин Бобур (Ҳиндистондаги Мўғуллар империясининг асосчиси ва унинг авлодлари Тож Маҳални қурган), Абу Али ибн Сино ( Авиценна), Абу Райҳон Беруний (замонавий геодезиянинг отаси ва биринчи антрополог), Ал-Хоразмий (алгебра асосчиси, унинг номи «алгоритм» атамасини келтириб чиқарган) ва бошқалар жаҳон илм-фани ривожига  ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшганлар.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги энг диққатга сазовор жойлардан бири -Буюк Ипак Йўлининг учлиги:  Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари. Учаласи ҳам ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ўзбекистонда 86 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим ва 57 мамлакат фуқаролари учун соддалаштирилган виза режими жорий этилган. Биз нафақат ўз тарихимиз билан, балки “Янги Ўзбекистон” даги замонавий тараққиёт билан ҳам фахрланамиз. Масалан, Буюк Британиянинг  нуфузли “Тhе Economist” нашри Ўзбекистонни йилнинг энг яхши мамлакати ва 2017 йилдан бери энг тез суръатларда ислоҳотлар олиб борилаётган давлат деб тан олган.