Бу дунёнинг ҳақиқати

Ливаннинг энг бадавлат инсони бўлган Айман Бистоний, пойтахт Байрутнинг энг гўзал ерлари кафтдагидек кўриниб турадиган бир тепаликда муҳташам кўринишга эга дабдабали бир мақбара қурдиради. Вафотидан кейин уни шу ерга кўмишларини васият қилади.

Фақат тақдири илоҳий бошқача ёзилган экан. Айман Бистоний сайр қилаётган хусусий учоғи денгизга қулайди.

Миллионлаб пул сарфланиб учоқ топилади, аммо ичида эгасининг жасади йўқ эди.

Британиялик лорд Тешлид эса шу даражада бой эдики, вақти-вақти билан ҳатто ўз давлатига қарзга пул бериб турар эди.

Улкан бир хонадан нақд пул кассаси сифатида фойдаланарди.

Бир куни лорд пулхонасига кирди ва янглишлик билан хонанинг эшигини ичидан бекитиб қўйди ва қайтиб очолмади.

Лорд томоғи қирилгунча бақириб-чақирди, аммо овозини хонанинг пўлат деворлари тўсиб қўйди, ҳеч ким уни эшитмади.

Оила аъзолари ҳам унинг кўпинча уйга келмаслигига кўникиб қолганликлари учун қидиришни хаёлларига ҳам келтирмадилар.

Кунлар ўтиб, жасад топилди. Қарашса, лорд Тешлид бармоғини кесиб, пул тахларининг устига ўзининг қони билан шу жумлани ёзган экан:

“Дунёнинг энг бой одами очлик ва сувсизликтан ўляпти!”…

Инсон боласи ҳар куни уйидан чиқади, қайтиб киради. Аммо шундай бир кун ҳам келадики, иссиқ ўрнига қайтиб келиб ётмайди, топган мол-дунёси бир тийинлик фойда бермайди.