Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ташкилоти Ливанга ёрдамни кучайтирмоқда

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Ливанга ёрдамни уч баравар ошириб, мисли кўрилмаган молиявий ва иқтисодий инқироз шароитида 300 мингга яқин кишига нақд пул кўринишида ёрдам бериши ҳақида хабар берди.

Иқтисодий инқироз чуқурлашиб бораётганлиги сабабли Ливан миллий валютаси 2019 йил охиридан буён долларга нисбатан қийматининг деярли 85 фоизини йўқотди, бу эса импортга боғлиқ бўлган мамлакатда асосий товарлар нархларининг кўтарилишини келтириб чиқарди.

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури инфляция ва озиқ-овқат нархларининг ошишига қарши курашда ёрдам бериш учун нақд пул кўринишида 100 минг нафарга қўшимча равишда яна 195 минг нафар аҳолини қўллаб-қувватлаётганлигини айтди. БМТга тегишли ушбу ташкилот ҳар ойда ҳар бир оилага тахминан 200 минг Ливан фунтини етказиб беради. Бу миқдор қора бозорда 15 долларга тенг маблағ ҳисобланади.

“Ливанликларнинг дастурхонга овқат тортишлари кундан-кунга қийинлашмоқда, шунинг учун таклиф қилинаётган бу ёрдам айни муддао бўлди”, – дейди дастурнинг Ливандаги вакили Абдуллоҳ Алвардат.

Сўнгги ойларда корхоналар ёпилиб, банкротлик эълон қилишмоқда, дорихоналар эса импорт қилинадиган дори-дармонларни олиш учун курашмоқда. Ёқилғи қуйиш шохобчаларида ёқилғи етишмаслиги ва супермаркетларда муштлашувлар бошлангани ҳақида хабарлар келмоқда.

211 нафар кишининг ўлимига, 6000 нафардан ортиқ одамнинг яраланишига ва бутун маҳаллаларнинг вайрон бўлишига сабаб бўлган 4 август кунги Байрут портидаги катта портлашдан бир неча кун ўтгач, Вазирлар Маҳкамаси истеъфога чиққан. Ўшандан бери Ливан ҳукуматсиз қолган.