Чўкишга оид илмий фактлар ва унинг олдини олиш чоралари

Ёзнинг иссиқ ва жазирама кунлари яқинлашиши билан биз инсонлар одатда салқинлаш мақсадида сув ҳавзалари томон югуриб қоламиз. Аммо сув ҳавзаларида амал қилиниши керак бўлган оддий хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, кўпинча, аянчли оқибатларга олиб келаётганинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Мутахассисларнинг статистик маълумотларига кўра 15 ёшгача бўлган болалар орасида автоҳалокатлардан кейин иккинчи ўринда сувда чўкиб ўлиш кўрсаткичи юқори ўринларда тураркан.

Қуйида чўкиб ҳалок бўлишга оид илмий ёндошув ва унинг олдини олиш ёки чўкаётганларга ёрдам беришда қўл келиши мумкин бўлган таҳлилни баён этишга ҳаракат қиламиз.

Чўкиш – бу нафас етишмаслиги оқибатида бўғилиб ҳалок бўлишнинг бир тури ҳисобланади. Ўлим инсон ўпкаси сув билан тўлиб қолганидан кейин содир бўлади. Сув нафас олишга халақит беради. Ўпка оғирлашади ва кислород юракка етиб бориши тўхтайди. Кислород таъминотисиз тана шок ҳолатига тушиб, ўлим юз беради.

Соғлом одам сув остида нафасини 30 сония ушлаб туриши мумкин. Болалар учун эса бу вақт оралиғи ундан ҳам қисқароқ. Соғлиғи аъло даражада бўлган ва фавқулодда вазиятларда сув остида ишлаш учун шуғулланган одам ҳам атиги 2 дақиқа давомида нафас олмай туриши мумкин холос.

Агар одам 4-6 дақиқа давомида нафас олмасдан сув остида қолса ва унга тезкор тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бу мияга зарар етказиши ва охир оқибат чўкиш натижасида ўлимга олиб келиши аниқ.

Инсоннинг чўкиб ҳалок бўлиши учун қанча миқдордаги сув керак?

Чўкиш оқибатида ўлим келиб чиқиши учун кўп миқдорда сув шарт эмас. Ҳар йили одамлар ванналар, саёз кўллар ва ҳатто кичик кўлмакларга ғарқ бўлиб ҳалок бўлмоқдалар. Одамнинг ўпкаси “ёпилиб қолиши” учун зарур бўлган суюқлик миқдори қуйидаги омилларга асосланади:

  • ёш;
  • вазн;
  • нафас олиш имконияти.

Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатадики, одам ўз вазнининг ҳар бир килограмми учун 1 миллилитр миқдордаги суюқликда ғарқ бўлиш эҳтимоли катта. Шундай қилиб, вазни 63,5 кг бўлган одам чорак стакан (63,5 мл) миқдордаги сувни ютгандан кейин чўкиб ҳалок бўлиши мумкин экан.

Чўкишнинг босқичлари

Чўкиш жуда тез содир бўлсада, у босқичма-босқич амалга ошади. Жараён ўлимдан олдин 10 дан 12 дақиқа давом этиши мумкин. Болаларда бу кўрсаткич янада тезроқ содир бўлади. Чўкишнинг қуйидаги босқичлари мавжуд:

  1. Сув нафас йўлларига киргач дастлабки бир неча сония давомида ғарқ бўлаётган киши нафас олишга ҳаракат қилаётганда кураш ёки шошилинч сузиш ҳолатида бўлади.
  2. Ўпкага кўпроқ сув тушмаслиги учун нафас олиш йўллари ёпила бошлаганда, одам истаксиз равишда нафас олишни тия бошлайди. Бу 2 дақиқагача, улар ҳушларини йўқотгунга қадар давом этади.
  3. Одам беҳуш бўлиб қолади. Ушбу босқичда улар реанимация орқали ҳаётга қайтарилиши мумкин. Нафас олиш тўхтаса ҳам, юрак уриши секинлашади. Жараён қўшимча бир неча дақиқага чўзилиши мумкин.
  4. Организм гипоксик конвулсия деб аталадиган ҳолатга тушади. Бу ҳудди тутқаноққа ўхшаб кетади. Кислородсиз одамнинг танаси кўк рангга киради ва беқарор равишда силкина бошлайди.
  5. Мия, юрак ва ўпка қайта тикланмайдиган ҳолатга етади. Чўкишнинг ушбу якуний босқичи мия гипокцияси деб номланиб, клиник ўлим юз беради.

Чўкишларнинг олдини олиш ва хавфсизлик чоралари:

  • Болалар ва ёши катталар учун ҳовузлар ва сув ҳавзалари олд қисмларини тўсиб қўйиш;
  • Мунтазам сузиш машғулотларига қатнашишни канда қилмаслик;
  • Сув ҳавзаларидаги болаларни доимо кузатув остида сақлаш;
  • Имкон бўлса нафас бериш мосламаларини тайёр ҳолда сақлаш;
  • Спиртли ичимликлар истеъмол қилиб чўмилиш ҳавзаларига бормаслик;
  • Юракни реанимация қилишни (CPR) ўрганиш.

Қадрли ота-оналар, ҳеч қачон бирон бир сув ҳавзасида (саёз бўлса ҳам) болаларни назоратсиз қолдирманг. Чўкиб ҳалок бўлишга сабаб бўладиган ҳодисалар занжирининг бошланиши учун озроқ миқдорда сувни беиҳтиёр равишда ютиб юбориш кифоя ва бу бор-йўғи бир сония вақт талаб этади.