Дунё аҳолиси сони илк бора “камаймоқда”

Кичкинтойларнинг йиғиси тобора камайиб, ташландиқ уйлар сони ортмоқда. Асримизнинг ўрталарига келиб, ўлим даражаси туғилиш кўрсаткичларидан ортиб кета бошлагач, инсонлар учун анча мураккаб ўзгаришлар юз беради. Бутун дунёда мамлакатлар аҳолининг сони ва туғилиш даражасининг турғунлигига дуч келмоқдалар.

Италиядаги касалхоналарда туғруқ бўлимлари аллақачон фаолият кўрсатмаяпти. Хитойнинг шимоли-шарқида арвоҳ шаҳарлари пайдо бўлмоқда. Жанубий Кореядаги университетлар ўқиш учун етарли талабаларни топа олмаяпти, Германияда эса юз минглаб уйлар бузилиб, кўнгилочар боғларга айлантирилмоқда.

Демографлар 21 асрнинг иккинчи ярмига ёки эҳтимол ундан олдинроқ дунё аҳолиси сони биринчи марта пасайиш томон ҳаракатланишини тахмин қилишмоқда. Чунки деярли барча мамлакатларда юқори туғилиш даври тугамоқда. Хотин-қизлар таълим олиб, контрацепция воситаларидан кўпроқ фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар ва фарзанд тарбияси билан боғлиқ ташвишлар кўпайиб бориши сабабли, ота-оналар фарзандли бўлишни кечиктирмоқдалар. Оқибатда камроқ чақалоқлар туғилмоқда.

Биргина жанубий Кореянинг туғилиш даражаси рекорд даражага тушиб, 2019 йилда 0,92 даражани ташкил этди. Бу мамлакатдаги ҳар бир аёлга биттадан кам фарзанд деганидир. Ривожланган мамлакатлар ўртасида бу энг паст кўрсаткичдир. Талабаларни жалб қилиш учун баъзи университетлар стипендиялар ва ҳатто iPhoneлар таклиф қиляптилар.

Туғилиш кўрсаткичини юқори даражага олиб чиқиш мақсадида ҳукумат болалар учун бонуслар тизими ишлаб чиқди. Сеулда ҳар бир автобус ва метро вагонида ҳомиладор аёллар учун махсус ажратилган пушти ўриндиқлар мавжуд.

Аммо бош вазир ўринбосари Ҳонг Нам Кининг таъкидлашича, ҳукумат сўнгги 15 йил ичида аёлларни кўпроқ фарзанд кўришга рағбатлантириш учун 178 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлаган бўлсада, бу борада етарлича ютуққа эришилмаган.