Эроннинг янги президенти ким?

Эронда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалабага эришган Иброҳим Раисий мамлакатнинг 8-давлат раҳбари бўлди.

Ультраконсерватив сиёсатчи сифатида шуҳрат топган Иброҳим Раисий 1960-йилнинг 14-декабрида Эроннинг Машҳад шаҳрида туғилган. Асл соҳаси ҳуқуқшунос бўлиб, 1979-йилги Эрон Ислом инқилобидан кейин 1981-йили Карач шаҳри прокурори сифатида ишлай бошлаган. У қисқа муддатда пойтахт Теҳрон Бош прокурори вакиллигига эришади.

1988-йили инқилоб раҳбари Ҳумайнийнинг таълимоти билан қамоқхоналардаги давлат тузуми мухолифатчиларининг қатли билан шуғулланган қўмитага аъзо бўлади.

Бу мухолифатчилар “ўлим қўмитаси” деб атаган 4 кишилик ҳайъатдан ўрин олган Раисийга “қатлиом оятуллоҳи” деган ном берилади. Ўша пайтда бу ҳайъатнинг фатвоси билан 3000 га яқин инсонларнинг қатл қилинганлиги айтилади.

Ҳумайнинг ўлимидан кейин Оятуллоҳ Ҳоманаий даврида давлат мартабаларига тезлик билан юксала олган Раисий 1989-1994-йилларда Теҳрон Бош прокурори сифатида фаолият юритади. 1994-йили эса Давлат текширув ташкилотига раҳбар бўлиб сайланади ва бу лавозимда 10 йил қолади.

2014-йили Иброҳим Раисий Эрон Бош прокурори, 2016-йили эса Машҳаддаги Имом Ризо мақбараси ва мажмуаси фонди раҳбари этиб тайинланади.

2017-йилнинг 19-майида ўтказилган президентлик сайловларида Ҳасан Руҳонийга сайловни ютқазади.

2019-йили Раисий АҚШ нинг  хавфли кишилар рўйхатидан жой олади. Ислом инқилоби қўриқчилари армияси томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётган Раисий Оятуллоҳ Ҳоманаийдан кейин мамлакат раҳнамосига айланиши мумкин бўлган инсонлар рўйхатининг бошидадир.