Флорида штатидаги бино қулаши натижасида ўлганлар сони 11 кишига етди, 150 киши бедарак йўқолган

АҚШнинг Сурфсайд шаҳридаги кўп қаватли уйнинг қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 кишига етди, 150 киши ҳанузгача бедарак йўқолган, дея маълум қилди АҚШ маъмурияти.

Маями-Дейд округи мери Даниела Левин Кава душанба куни кечқурун ўтказилган матбуот анжуманида вайроналар остидан икки қурбон топилганлигини айтиб, қутқарув гуруҳлари қидирувни давом эттираётгани, 150 киши ҳанузгача бедарак йўқолганлигини айтди.

“Расмийлар йўқолганлар ҳақидаги янгиликларни етказиш учун оилалар билан иш олиб бормоқда ва биз ушбу воқеадан психологик, жисмоний ва ижтимоий таъсирланган барча оилалар ва яқинларимизни қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, деди Левин Кава матбуотга берган баёнотида.

40 йил олдин Маями яқинидаги Сурфсайд шаҳрида қурилган турар-жой биносининг қулаши фожиаси пайшанба куни эрталаб содир бўлган. Бино 2018 йилда таъмирлангандан сўнг сезиларли даражада конструктив зарар кўрган.

Жума куни Байден Флорида штатида фавқулодда ҳолат эълон қилди ва бино қулаши натижасида юзага келган фавқулодда вазият туфайли штат ва маҳаллий ҳаражатларни тўлдириш учун федерал ёрдам сўради.

Жума куни кечқурун АҚШ ҳукумати муҳандислик бўйича маслаҳатчиси Франк Морабитонинг 2020 йил октябр ойидаги ҳисоботини эълон қилди. Унда  13 қаватли бинонинг сузиш ҳавзаси остидаги бетон плита ичида сезиларли даражада бузилиш белгиларини, бино остидаги гараж устунларида ҳам кенг ёрилиш ва парчаланишлар борлигини таъкидлаган.