Google Францияда 220 миллион евро миқдорида жаримага тортилди

Google компанияси реклама сиёсатини суистеъмол қилгани учун Франция расмийлари томонидан 220 миллион евро (268 миллион доллар) миқдорида жаримага тортилди.

Франция рақобат қўмитаси Google рақибларининг зарарига ўз онлайн реклама хизматларини тарғиб қилиб келаётганини таъкидлади. Google эса реклама бизнесида йирик ўзгаришлар қилишини айтганди.

АҚШнинг техник гиганти реклама берувчиларга Google маълумотлар базаси ва воситаларидан фойдаланиш жараёнини осонлаштиришга рози бўлган. “Биз ушбу ўзгаришларни келгуси ойларда янада кенгроқ – глобал миқёсда синовдан ўтказиб йўлга қўймоқчимиз “, – дейилади компания хабарида.

Европа реклама қоидаларига зид бўлганлиги сабабли Alphabet компаниясига тегишли ушбу техногигантнинг жаримага тортилиши биринчи марта рўй бераётгани йўқ.

Google 2019 йилда ўзига рақиб бўлган бошқа онлайн-қидирув реклама берувчиларини блокировка қилгани учун Европа Иттифоқи томонидан 1,49 миллиард евро (2,31 миллиард доллар) миқдорида жаримага тортилган. Шунингдек, Европа Иттифоқининг “Маълумотларни ҳимоя қилиш қоидалари”ни бузганлиги учун ҳудди шу йилнинг ўзида Франциянинг SNIL маълумотлар регулятори томонидан компанияга 50 миллион евро (61 миллион доллар) миқдорида жарима жазоси белгиланган.

Европа Иттифоқининг рақобатбардошликни риволантириш идораси 2018 йилда Google ни Андроид мобил операцион тизимидан рақиблар фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида фойдаланганлиги учун рекорд даражада 4,34 миллиард евро (5,28 миллиард доллар) миқдорида жаримага тортганди. Ундан аввал 2017 йилда ҳам компания нархларни таққослаш бўйича веб-сайтлар ишларига тўсқинлик қилганлиги учун 2,42 миллиард евро (2,94 милиард доллар) миқдорига жаримага тортилган.