Гувер тўғони ҳақида нималарни биласиз?

Гувер тўғони АҚШнинг Невада ва Аризона штатлари чегарасида, Колорадо дарёсининг Қора Дарасида (Каньон)жойлашган улкан бетон иншоотдир. У 1931-1936 йилларда Буюк Депрессия даврида қурилган. Унинг қурилишида минглаб ишчилар меҳнат қилган. Тўғон Колорадо дарёси оқимини бошқариш ва Мед кўли учун манзарали сув омборини сақлаб туриш учун ишлатилади. Эътиборингизга тўғон ҳақидаги 8 та энг муҳим фактларни ҳавола этамиз.

1. Гувер тўғони фақатгина электр таъминоти учун қурилган эмас

Гувер тўғонини қуришда бир неча мақсадлар кўзланган. Биринчидан, у Колорадо дарёсининг тошқинини назорат қилишга ёрдам беради. Шунингдек, тўғон одамларнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириб, дарё сувини керакли жойларга йўналтиришга ёрдам беради. Ва ниҳоят, шубҳасиз, тўғон яқин атрофдаги миллионлаб аҳолини электр энергияси билан таъминлаш учун масъулдир.

2. Гувер тўғони тасаввурга сиғмас даражада катта объект ҳисобланади

Ер атрофини тўлиқ ўраб олга тўрт метр кенгликдаги йўлкани тасаввур қилиб кўринг. Бу жуда катта миқдордаги бетон деганидир. Гувер тўғонини қуриш учун мана шунча бетон аралашмаси керак бўлган. Тўғоннинг баландлиги 726 фут (221 метр) ва узунлиги 1244 фут (379 метр). Унинг туби 660 футни (201 метр) ташкил этади. Тўғоннинг юқори қисми эса 45 фут (13 метр) қалинликка эга.

3. Гувер тўғони ҳар доим ҳам шу ном билан аталмаган

Тўғонни қуриш учун жой қидирганларида, муҳандислар дастлаб тўғоннинг ҳозирги ўрнидан юқорироқда жойлашган Болдер Дарасини (Каньон) тавсия қилганлар. Кейинчалик, қурилиш Қора Дарага кўчирилганда ҳам унинг номи Болдер тўғони сифатида сақланиб қолди. 1930 йил сентябрида эса тўғон чегарасида темир йўл линиясининг қурилиши бошланди. Ушбу линиянинг пойдеворини қўйиш маросимига АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Герберт Гувер бошчилик қилган. Шундан кейин, янги тўғонга ҳам президентнинг номи берилган.

4. Гувер тўғонини қуриш бутун бошли шаҳар барпо этилган

Невада штатидаги Болдер шаҳри тўғон қурилишидан олдин мавжуд бўлмаганлигини билмаслигингиз мумкин. Дарҳақиқат, шаҳар 1930 йилда фақат тўғонни қуриш учун меҳнат қилган 5000 нафар ишчиларни жойлаштириш учун қурилган.

5. Қурилиш давомида 138 нафар ишчи ҳалок бўлган

Тўғон қурилган беш йил давомида бахтсиз ҳодисалар туфайли 96 та ўлим қайд этилган. Бундан ташқари, тўғон қурилиши пайтида 42 киши турли касалликлар сабабли вафот этган.

6. Нацистлар Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Гувер тўғонини бузмоқчи бўлганлар

1939 йил ноябрда, Америка Иккинчи Жаҳон урушига киришидан олдин, АҚШ расмийлари нацистларнинг тўғонни портлатиш режаси ҳақида билиб қолишади. Тўғоннинг йўқ қилиниши Калифорниянинг жанубидаги кўплаб аҳоли пунктлари, ишлаб чиқариш заводлари, жумладан, самолётларни ишлаб чиқариш саноатини электр энергиясидан узиб қўйиши мумкин эди.

Тўғонни бузишга қайта уринишларга қарши курашиш учун АҚШ маъмурияти Қора Дарага киришга чекловлар қўйди. 1941 йил декабрь ойида Перл Ҳарборга ҳужум қилиниши ва Американинг Иккинчи Жаҳон урушига киришидан кейин, Гувер тўғони уруш тугагунга қадар барча ташриф буюрувчилар учун ёпиб қўйилган.

7. Гувер тўғонининг қурилиши бошланганда ҳаво жуда иссиқ бўлган

Қурилиш ишлари 1931 йил апрел ойида бошланди. Ўша вақтда Жанубий Невадада бир неча ой давомида рекорд даражадаги иссиқ ҳарорат кузатилган. Июнь ойига келиб, қурилиш бошланганидан атиги икки ой ўтгач, ўртача кунлик ҳарорат Фаренгейт бўйича 119 даражани (Цельсий бўйича 49 даража) ташкил этган.

Тўғон учун қурилаётган улкан туннелларда шамоллатиш тизими чекланганлиги сабабли туннеллар ичидаги шароит анча ёмон бўлган. У ерда меҳнат қилган ишчилар ёз ойларида Фаренгейт бўйича 130-140 даражагача (Цельсий бўйича 55-60 даража) бўлган ҳароратда ишлашга мажбур бўлганлар.

8. Лас Вегас шаҳри лойиҳанинг бош қароргоҳи сифатида таклиф қилинган

Лас Вегас шаҳри Гувер тўғони лойиҳасининг бош қароргоҳига номзод шаҳар сифатида таклиф этилган. 1930 йилда Лас Вегас бугунги кунда биз билган ёрқин метропол эмас эди, аммо у қурилишни барбод қилиши мумкин бўлган ўзининг “беҳаё машғулотлари” билан танилган.

Гувер тўғони Американинг энг машҳур жойларидан бири ва муҳандислик мўъжизаси ҳисобланади. Бугунги кунда тўғон электр станцияси бўлиш билан бирга сайёҳлик маскани ҳам ҳисобланади. Тўғонни кўриш учун ҳар йили 7 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради.