Инсон бузғунчилигининг яна бир оқибати

Балғамсимон шилимшиқ қатлам Мармар денгизининг Истанбул соҳилларига тарқалиб, денгиз юзасини қоплаб боряпти. Сув ости ҳаёти хавф остида қолган ва балиқ овлаш саноатига катта зарар етказиляпти.

Мутахассислар фикрига қараганда, ифлосланиш карантин пайтида инсонларнинг денгизга чиқиндиларнинг кўп миқдорда ташлаши ва иқлим ўзгариши натижасида келиб чиққан. Одатда шу каби денгиз шилимшиқ қатлами табиий равишда пайдо бўладиган яшил лойсимон модда бўлиб, сув ҳавзаларида сувнинг ифлосланиши натижасида пайдо бўлади.

Шилимшиқ қатлам биринчи марта 2007 йилда Туркияда пайдо бўла бошлаган, кейинчалик Юнонистон яқинидаги Эгей денгизида ҳам пайдо бўла бошлаган.

Туркиянинг Мармара денгизини, Қора денгиз ва Эгей денгизи билан боғлаб турувчи катта ҳудудлар бўйлаб шилимшиқ модданинг тарқалиши тарихдаги энг юқори даражага етган. Ҳодисанинг жиддийлашиб кетиши маҳаллий аҳоли орасида ҳавотир ва ваҳима келтириб чиқармоқда.

Туркия президенти канализация чиқинди сувларининг денгизга чиқарилиш даражасини текширишга буюрди. Ғаввослар қатлам қопланган майдон сув ости ҳаёти ва кўп сонли балиқ турлари кислород ва қуёш нурининг тафти етишмаслигидан бўғилиб ўлаётгани ҳақида хабар беришди.

Туркия денгиз тадқиқотлари профессори Байрам Ўзтурк Истанбулдан чиқарилаётган чиқинди сувларни тозалаш тизимларини ўрнатиш, мавжудларини модернизация қилиш учун янги сармоялар ажратилмас экан, бундай муаммолар давом этиши ҳақида огоҳлантирди.