Исроил билан “махсус муносабатларни” тугатиш вақти келди

Исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги сўнгги жанглар ҳам кутилганидек якунланди: сулҳ битими фаластинликларнинг аҳволини ёмонлаштирди ва асосий муаммолар ҳал қилинмади. Шунингдек, бўлиб ўтган уруш натижасида Қўшма Штатлар энди Исроилга шартсиз иқтисодий, ҳарбий ва дипломатик ёрдам кўрсатмаслиги кераклиги ҳақида янада кўпроқ далиллар келтирилди.

АҚШ ушбу сиёсатининг фойдаси деярли нолга тенг, лекин харажатлар катта ва мудом ўсиб бормоқда. Махсус муносабатлар ўрнига Қўшма Штатлар ва Исроил учун меъёрдаги муносабатлар зарурлиги кун тартибига чиқиб қолмоқда.

Қўшма Штатлар ва Исроил ўртасидаги махсус муносабатлар бир пайтлар ахлоқий асосларга кўра маъқулланиши мумкин эди. Яҳудий давлатининг яратилиши насроний Ғарбда асрлар давомида юз берган зўравон антисемитизмга муносиб жавоб сифатида қаралди.

Бугунги кунда эса Исроил ҳукумати барча йўналишларда аҳоли пунктларини кенгайтирди, фаластинликларнинг қонуний, сиёсий ҳуқуқларини инкор этди, уларга Исроилнинг ўзида иккинчи даражали фуқаролар сифатида муносабатда бўлди ва Ғазо, Ғарбий Соҳил ва Ливан аҳолисини ўлдириш ва террор қилиш учун Исроилнинг юқори даражадаги ҳарбий кучидан фойдаланганлар жазосиз қолди.

Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, Human Rights Watch ва Исроилнинг БъЦелем инсон ҳуқуқлари ташкилоти яқинда ушбу турли хил ёндошувга асосланган сиёсатни апартеид тизими сифатида тавсифловчи асосли ва ишончли ҳисоботларни чиқарганликлари ажабланарли ҳол эмас.

Илгари, Исроил Қўшма Штатлар учун жуда муҳим стратегик “бойлик” дея баҳслашиш ҳам мумкин бўлган, аммо унинг қиймати кўп ҳолларда жуда ошириб юборилган. Масалан, Совуқ уруш даврида Исроилни қўллаб-қувватлаш Совет Иттифоқининг Яқин Шарқдаги таъсирини текширишнинг самарали усули эди, чунки Исроилнинг ҳарбий қудрати Миср ёки Сурия сингари Совет давлати иттифоқчиларининг қуролли кучларига қараганда анча устун жанговар тайёргарликка эга бўлган. Баъзида Исроил ҳам фойда берганини инкор этмаслик керак.

Совуқ уруш ниҳоясига етганига 30 йилдан ошди, аммо бугунги кунда Исроилни шартсиз равишда қўллаб-қувватлаш Вашингтон учун кўпроқ муаммоларни келтириб чиқармоқда. Исроил Қўшма Штатларнинг Ироққа қарши иккита урушида ёрдам бериш учун ҳеч нарса қила олмади, аксинча, Қўшма Штатлар биринчи Форс кўрфази уруши пайтида Ироқнинг Скуд ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун Исроилга Патриот ракеталарини юборишига тўғри келди.

Айни пайтда, махсус муносабатлар харажатлари ўсишда давом этмоқда. АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлашини танқид қилувчилар, гарчи Исроил ҳозирда жон бошига тўғри келадиган даромад бўйича дунёда 19 ўринни эгаллаб турган бадавлат давлатга айланган бўлса ҳам Вашингтон Исроилга ҳар йили 3 миллиард доллардан зиёд ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатишини танқид қиладилар.

“Махсус муносабатлар” нинг яна бир доимий қиймати бу Исроил билан ташқи сиёсатдаги номутаносибликдир. Байден, Блинкен ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчис Жейк Салливан Яқин Шарқдаги кичик бир мамлакатнинг ҳаракатларидан кўра мамлакатда кўпроқ ташвишлантирадиган муаммоларга дуч келмоқдалар. Ушбу жиддий муаммолар қаторида Қўшма Штатларнинг доимий эътиборни талаб қиладиган дипломатик инқирози, иқлим ўзгариши, Хитой, пандемия, афғонлар билан боғлиқ муаммолар, иқтисодий тикланиш ва бошқа бир қанча муҳим муаммоларни келтириш мумкин. Буларни ҳал қилиш қимматли вақт талаб қилинади. Агар Қўшма Штатлар Исроил билан меъёрдаги муносабатда бўлганида эди, ушбу келтирилган муаммоларга муносиб эътибор қаратиларди.

Исроилни ҳимоя қилиш истаги АҚШни бошқа Яқин Шарқ ҳукуматлари билан стратегик ва ахлоқий меъёрга эга бўлмаган муносабатларга киришишга мажбур қилмоқда.

Исроилни ўнлаб йиллар давомида шартсиз қўллаб-қувватлаши АҚШга нисбатан терроризм хавфини яратишга асос бўлди. Усама бин Ладен ва ал Қоиданинг бошқа муҳим шахслари бу борада аниқ йўналишга эга эдилар: АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаши ва Исроилнинг фаластинликларга нисбатан зўравон муносабати уларни “узоқ душман”га ҳужум қилишларига сабаб бўлган асосий омиллардан бири эди. Агар Қўшма Штатлар Исроил билан меъёрий муносабатда бўлганда, терроризм хатарлари йўқолиб кетмаса ҳам, АҚШ экстремизга қарши курашиш учун ортиқча “зўриқмаган” бўларди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, ўзаро махсус муносабатларга дарз кетмоқда. Чунки, ҳозирда ушбу мавзу ҳақида гапириш аввалгига қараганда осонроқ бўлиб қолди. Ўтган ҳафтада Нью Йорк Таймс можаронинг реал воқеаларини илгари камдан-кам ҳолларда, ҳатто ҳеч қачон юз бермаган тарзда батафсил баён этган мақолани чоп этди. “Икки давлатли ечим” ва “Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи” ҳақидаги эски гаплар ўз муҳимлигини йўқотмоқда. Аммо асосий савол шундаки, ушбу ўзгариш асносида АҚШ сиёсатида ҳақиқий бурилиш юз берадими ёки йўқми?

Меъёрдаги муносабатлар икки давлатнинг бир-биридан ажралишини билдирмайди. Қўшма Штатлар Исроил билан савдо алоқаларини давом эттиради ва АҚШ корхоналари исроиллик ҳамкасблари билан ҳар қандай йўналишда ҳамкорлик қилаверишади.

Меъёрдаги муносабатлар исроилликларни ҳозирги йўналишларини қайта кўриб чиқишга ва чинакам ва барқарор тинчликка эришиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга мажбур қилади. Хусусан, улар фаластинликларнинг “йўқ бўлиб кетиши” ҳақидаги қарашларини қайта кўриб чиқишлари ва яҳудийлар ва арабларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлайдиган ечимларни таклиф қилишлари керак.