Исроил полицияси ал-Жазира мухбирларига ташланди

Ал-Жазира телеканали Шайх Жарроҳдаги воқеаларни суратга олаётган канал ходимларига ташланиб, уларни ҳибсга олган Исроил полициясини қаттиқ танқид қилди.

Телеканал ходимларига қарши бу зўравонлик  Исроилнинг Ғазода ал-Жазиранинг ҳам офиси жойлашган кўп қаватли бинони портлатгандан икки ҳафта ўтгач содир бўлди.

Телеканалнинг Твиттер ҳисобида “Исроил полициясининг ходимимиз Живара ал-Будайрийга ташланиб, ҳибсга олиши шармандали бир ҳолатдир. Бу ҳол Исроилнинг янги бир ҳужумидир”,-деб ёзилди. Телеканал оператори Набил Мезавийни уриб, камерасини синдирган полициячилар, мухбир Живара ал-Будайрийга ҳам қўл кўтариб, қамоққа олишган эди. Кейинчалик озод қилинган мухбирга Шайх Жарроҳ маҳалласига кириш 15 кунгача таъқиқланди.

Телеканал Исроил томонидан Фаластиндаги воқеаларни ёритиб боргани учун қамоққа олинган бутун мухбирларни озод қилиш учун дунё ҳамжамиятига мурожаат қилди ва Исроилнинг зўравонликларини дарҳол тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.