Каттақўрғонда ёш оила яраштирилди

2021 йилнинг 7 май санаси, Каттақўрғон туман ФҲДЁ бўлими. Иш айни қизғин паллага кирган маҳал ёшгина жувон тушкун, ҳиссиз кайфиятда кириб келди.

— Кирсам бўладими, ажрашиш учун ариза бермоқчидим, — у гапни чўзиб ўтирмасдан дарҳол мақсадини маълум қилди.

— Кели-и-инг, ўтиринг, — Кун аввалидан ёқимсиз мурожаат билан келган аёлнинг (исм, фамилия ўзгартирилган) гапидан кўнгли чўккан мудира бироз шошиб қолди. Ўзи гувоҳлигида бунёд бўлган оиланинг дарз кетаётгани унинг руҳини синдирди.

— Нима учун ажрашмоқчисиз, ахир оила қурганларингизга ҳеч қанча бўлмадику? — дея сўради мудира ажрим сабабини аниқлаш мақсадида.

— Оилавий келишмовчилик. Эрим менга қўл кўтарди. Яна…

Каттақўрғон туманида яшовчи ёш оила ажрашиш учун туман ФҲДЁ бўлимига жорий йилнинг май ойида мурожаат қилган эди. Турмуш қуришганига бир йилдан ошиқ вақт ўтар-ўтмас ажрим ёқасига келиб қолган бу оилани сақлаб қолиш учун кўп вақт талаб қилинмади. Аввалига қолипдан кўчган ғиштни жойига қайтариш осон кечгани йўқ ҳар ҳолда. Жараёнга ҳамкор ташкилотлар жалб қилинди.

Вилоят прократураси вакили, туман ФҲДЁ бўлими мудираси, маҳалла фаоллари бошни бириктириб келишмовчиликнинг сабабини аниқлаш учун муаммони жойига чиқиб ўрганишди. Хонадон катталари, ёшлар билан суҳбатлашиб, ажримга олиб келган омилларни таҳлил қилишди. Олиб борилган профилактик суҳбатдан сўнг томонлар муросага келтирилиб, яқинда Олмосжон Олимов ва Шаҳло Тиркашева шу жойнинг ўзида яраштирилди.

Бир оилани бунёд бўлиши жамиятнинг яна бир бўғини вужудга келди, дегани. Аммо арзимаган сабаблар туфайли баъзида бир неча дақиқалар ана шу бўғинни дарз кетишига кифоя қилади. Бунда айрим ота-оналарнинг ҳам ҳиссаси катталиги эса ачинарли ҳол. Каттақўрғонлик ушбу ёшларнинг яхши ниятлар билан қурган қўрғони вайрон бўлишига озгина қолди. Уни сақлаб қолиш учун эса бироз ҳафсала керак бўлди холос.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати