Кремль: Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига муносиб жавоб берилади

Кремль пайшанба куни Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши Москва учун “қизил чизиқ”ни англатишини ва Киев бир кун келиб аъзолик ҳаракатларини амалга ошириши мумкинлигидан ташвишланаётганини айтди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳақида АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин Женевада музокаралар олиб борганидан бир кун кейин хабар берди. Песковнинг таъкидлашича, саммит, умуман олганда, ижобий руҳда ўтди.

Украина Президенти Владимир Зеленский душанба куни Байдендан Украинага НАТОга қўшилиш режасини тақдим қилишга “рози” ёки “рози эмаслигини” билдиришини сўраганди.

Байденнинг айтишича, Украина НАТОга қўшилишидан олдин мамлакатдаги коррупцияни йўқ қилиши керак.

Песков расмий Москва вазиятни диққат билан кузатаётганини айтмоқда. “Албатта, бу (Украинанинг альянсга аъзолик режаси) бизнинг хавотиримизни кучайтиради”, – деди у.

Песковнинг таъкидлашича, Москва ва Вашингтон Женева саммитида қуролларни назорат қилиш бўйича музокараларни иложи борича тезроқ ўтказиш кераклиги тўғрисида келишиб олдилар.