«МИЛЛИЙ МАФКУРА» Маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатларни қўлланиш дастури (1-қисм)

«ЎЗБЕК МИЛЛИЙ МАФКУРАСИ» номли ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий лойиҳа таклифи 2019 йилда “Ватандош” ахборот ресурси орқали турким мақолалар шаклида оммага тақдим қилинган эди. Ижтимоий тармоқлардаги таклифлар, фикр ва мулоҳазалар инобатга олиниб, қайта ишланиб, тўлдирилган «МИЛЛИЙ МАФКУРА» номли маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатларни қўлланиш дастури Ўзбекистон Республикаси “Миллий Тикланиш” Демократик партиясига лойиҳа сифатида таклиф қилинди. Яқин кунларда худудлардаги фаоллар билан муҳокама қилиниши кутилмоқда. Ўзбекистондаги бошқа сиёсий партияларнинг ҳам “Миллий масала” билан шуғулланувчи аъзолари ушбу муҳокамада қатнашиши режалаштирилмоқда.

Ушбу мафкурани ҳаётга тадбиқ қилиш учун тарғибот ва таблиғот ишлари Ўзбекистонда расмий фаолият олиб бораётган сиёсий партияларнинг Медиа платформалари томонидан ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий жабҳалардаги Умуммиллий Ўйғониш Фикр Ҳаракатининг мафкураси сифатида амалга оширилади.

ВАЗИФА ВА МАҚСАДЛАР

Ўзбек халқининг ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий масалаларига таълуқли бўлган ҳаракатларига қарши олиб борилаётган ташвиқотларга нисбатан шахсий фикрини, ўз муносабатини билдира олиш ва масалага ойдинлик кирита оладиган даражадаги миллий онгни юксалтириш мақсадида, замонавий дунё талабларига кўра амалга ошириладиган тарғибот ва таблиғот ишлари учун керакли бўлган сиёсий усуллар ва ғоявий йўриқномалар мажмуи сифатида – «МИЛЛИЙ МАФКУРА» номли ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий ҳаракатларни қўлланиш дастури ҳисобланади.

I. ДАВЛАТ ҚОНУНИДА ФИКР ҲАРАКАТИ

1. «МИЛЛИЙ МАФКУРА» маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастурининг яратилиши қуйидаги қонунга кўра асосланган:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, II боб, 12-моддасига биноан: «Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади» деб кўрсатилган талаблар инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

2. Ўзбекистон Республикасининг асосий Қонуни бўлмиш Конституцияда кўрсатилган ушбу моддадаги:

«Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас», дейилган талабдан келиб чиқиб, «МИЛЛИЙ МАФКУРА» номли маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастури Ўзбекистон Республикасининг якка мафкураси сифатида эмас, бутун дунё бўйлаб яшаётган Ватандош ва Миллатдошларимизнинг Умуммиллий Ўйғониш Ҳаракатининг мафкураси сифатида тақдим қилинмоқда.

3. Миллий ўзлигимизни сақлаб қолиш учун хизмат қилувчи ва ўзбекларни миллий тикланишдан миллий юксалиш сари ҳаракатланишга ундовчи фикр ҳаракатининг қўлланма дастури сифатида «МИЛЛИЙ МАФКУРА» номли маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий тушунчалар жамланмаси ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикасида ва дунёнинг барча давлатларида фаолият олиб борувчи сиёсий партиялар, уюшмалар, жамиятлар билан ташкилотларнинг аъзолари ичидан миллий масала бўйича маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракат иштирокчиларини етиштириб чиқариш тадбирларига зарур бўлган ғоявий ва мафкуравий кўникмаларни «МИЛЛИЙ МАФКУРА» таклиф қилади.

II. МИЛЛИЙ МАФКУРА ЗАРУРИЯТИ

Ўзбекистон Республикаси давлат Қонунига, умуминсоний тартиб ва қоида талабларига кўра уйғун шаклда маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий тараққиёт сари ҳаракат қила олиш учун дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган сиёсий институтлар, етакчи нуфузга эга бўлган ривожланган давлатларнинг мафкуралари ва тарихда катта ижобий ўзгаришларга сабабчи бўлган фикр ҳаракатлари билан бирга умуммиллий тушунчалар тамойиллари хилма-хиллиги асосида, замонавий дунёмизда юз бераётган ҳодисалар ва ўзгаришларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган «МИЛЛИЙ МАФКУРА» яратиш зарурияти ўзбеклар орасида умуммиллий масалага айланиб улгурган. Ушбу зарурият, бугунги кунга келиб, жамиятимиздаги энг муҳим ва долзарб масалага айланганлиги ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий ҳаётимизда ойданда аниқ ва яққол кўриниб бошлади.

1. Ўзбек халқининг тақдирини салбий оқибатларга олиб келувчи ташқи таҳдидлардан ҳимояланишимиз учун зарур бўлган халқимиз ҳамжиҳатлигини шакллантирувчи «МИЛЛИЙ МАФКУРА» мавзуси охирги 200 йил мобайнида жамиятимиз олдида турган энг долзарб масалалардан бири бўлиб келган.

2. Дунёдаги барча ривожланган давлатларда (деярли ҳаммасида) ўз миллатини тараққий эттириш учун зарур бўлган йўриқномалар жамланмаси бўлмиш миллий мафкураси мавжуд. Яъни мафкуравий тушунчаларга эга бўлиб яшаш инсонга хос бўлган фазилатдир.

3. Умуммиллий тараққиётга интилаётган инсонлар Ватан равнақи ва оддий халқнинг фаровонлиги учун керакли бўлган маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатларни ўз миллатининг тафаккур маҳсули бўлмиш миллий мафкурасида кўрсатилган қойидалар, тамойиллар ва тушунчаларга руҳан таянган ҳолдагина амалга ошириши мумкин.

4. Ўзбекистон Республикасида ва дунёнинг турли хил давлатларида яшовчи қардошларимизнинг миллий онгини ва ўзлигини англаш жараёнини ривожлантириш мақсадида амалга оширилиши зарур бўлган ҳаракатларнинг ҳозирги кундаги аҳволини инобатга олган ҳолда, шу билан бирга замон талабига айланиб улгурган заруриятлардан келиб чиққан ҳолда «МИЛЛИЙ МАФКУРА» номли ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий ҳаракатлар дастури асосида Умуммиллий Ўйғониш Фикр Ҳаракатини жонлантиришга эҳтиёж сезилмоқда.

III. МИЛЛИЙ ТАШКИЛОТЛАНИШ

Маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал қила оладиган даражада чуқур билим салоҳиятига эга ўзбек зиёлилари ўзлари яшаётган мамлакатнинг ичидаги ҳар хил миллат, дин ва турли хил ижтимоий қатламлардан ташкил топган халқнинг ҳамжиҳатлигини асраб, ҳимоя қилиш учун хизмат қиладиган эзгу ниятли тараққийпарвар фидокорларни етиштириб чиқаришда муҳим ўринга эга бўлган маърифатпарвар қатлам ҳисобланади. Яъни, ўзбекнинг оқсоқоллари ва катта ёшдаги оналари миллатнинг борлиғини назорот қилувчи ва ёшларни тарбия қилувчи жамоа ҳисобланади.

1. Таълим-тарбия асосида ўзбек ёшларида миллий ўзлигини англаш онгини тарбиялаш каби маъсулиятли ишлар энг аввало оилада миллий тушунчалар негизида ва миллий тилда тарбияланиши шарт.

2. Ватандошларимизга ва Миллатдошларимизга нисбатан миллий адолатнинг таъминланишини назорат қилишни халқаро ҳуқуқ меъёрларига ва улар яшаётган давлатнинг қонун-қоидаларга кўра амалга оширилишини назорат қиладиган, ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий масалаларни ҳал қилиш, тадбирлар ташкил қилиш ишларида фаолият кўрсатадиган ижтимоий-сиёсий тузулмалар ўзбеклар орасида ҳамиша ишлаб турган. Лекин, ҳозирги замонга келиб, эски совет тизимига мулжалланган ташкилотланиш тизими ҳориждаги ўзбеклар ҳаётида ҳам, Ўзбекистондаги ўзбеклар орасида ҳам янгиланишга эҳтиёж сезмоқда.

3. Ўзбеклар орасида ўзининг миллий ҳақ ва ҳуқуқини ҳимоя қилиш ишлари умуминсоний меҳр оқибат ва инсонийлик тамойилларига кўра уйғун шакилда олиб борилаётган бўлиши, оддий инсонларнинг эзгулик учун фидокор бўлишини таъминлаши ва ўзларига нисбатан бошқа миллатларнинг ижобий ижтимоий фикрлари яратилишига васила бўлиб хизмат қилади.

Дунё ҳамжамиятида ҳамиша ва ҳар дойим ўзбек халқининг геосиёсий ва геостратегик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий-сиёсий ҳаракатни юзага чиқаришни истайдиган фаоллар бўлган ва бўлаверади. Ўзбеклар жонли миллат!

IV. МИЛЛИЙ КЕНГАШ ФАОЛИЯТИ

Юксак инсоний фазилатларни ва ҳис-туйғуларни ўзида мужассам қила олган Ўзбекистонда ва бутун дунёда истиқомат қилувчи Ватандошларимиз ва Миллатдошларимиз томонидан янги мулоқот усулида ишлайдиган «Миллий Кенгаш» яратилиши ва аъзолари қуйидаги зиёли кишилар қатламидан ташкил топган бўлиши зарур бўлмоқда:

1. Ўқитувчи ва устозлар.

2. Ўқимишли ва саводли кишилар.

3. Ҳаётий тажрибага эга ёши улуғ нуроний ёшдаги кишилар.

4. Миллат вакиллари ва давлат лавозимида ишлаётган шахслар.

5. Давлат ва жамият арбоблари.

Дунёнинг қайси давлатида яшашидан қатъий назар ўзини ўзбекман дейдиган ва Ўзбекистонга дахлдорман деб ҳисоблайдиган, ақл-заковатли ва фикр мулоҳазали ҳар бир инсон ушбу таклифдаги масалаларга эътиборли бўлиши зарур.

Турли хил миллатлар орасида яшаётган Ватандош ва Миллатдошларимизнинг Ўзбекистон Республикаси билан бўлган маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий алоқаларини ривожлантириш ҳаракати сифатида ҳам хизмат қилиши мақсад қилинган «Миллий Кенгаш»нинг иш олиб бориш тартиби қуйидаги тамойиллар асосида таъминланади:

1. Дунёнинг қайси давлатида яшашидан қатъий назар ўзини «ўзбек» дейдиган ва Ўзбекистонга дахлдорман деб ҳисоблайдиган инсонлар орасида саводсизликга қарши умуммиллий маърифий тадбирлар ташкил қилиш;

2. Бошқа миллатлар ичида ўзбекларга нисбатан адоват чиқаришга ҳаракат қиладиган гуруҳларга қарши маърифий-маънавий йўл билан ҳаракатланиб, ўзбекларга нисбатан адолатли ҳақ ва ҳуқуқ ўрантилиши учун фаолият олиб бориш;

3. Бошқа миллат намояндаларига ўзбек халқига хос бўлган эзгу ниятли зеҳниятнинг асл моҳиятини тушунтириш;

4. Кенг жамоатчилик орасида ўзбек маданиятини, адабиётини ва санъатини тарғиб қилиш;

5. Бошқа миллатларнинг ўзбек халқи тарихига бўлган ҳурматини ошириш;

Зиёлилар, улуғ ёшдаги кишилар жамоасидан ташкил топган «Миллий Кенгаш» ўз халқини дунёга танитиш ва халқи учун адолатни талаб қилиш йўлида миллий ижтимоий уюшмалар, жамиятлар ҳамда ташкилотлар яратиб, ўзлари яшаётган давлат ичкарисидаги халқ билан биргаликда, кўпчилик қўллаб қувватловчи, лекин ўзбекларга таҳдид яратмайдиган, моддий ва маънавий зарар бермайдиган ҳолатдаги бағрикенгликка асосланган ҳолда иш олиб боришлари шарт.

(Дастурнинг 2-қисми ва 3-қисми.)

Шухрат Саломов БАРЛОС