Нигерияда Твиттер блокланди

Твиттер ижтимоий платформасида Нигерия президенти томонидан ёзилган “твит” тармоқнинг аҳлоқ қоидаларини бузгани сабабли ўчирилганидан сўнг давлат унга жавоб реакцияси тариқасида ижтимоий тармоқни блоклаб қўйди.

Медиа компанияси президент Муҳаммаду Бухорийнинг мамлакат жануби-шарқидаги тартибсизликларни зўравонлик билан бостириш билан таҳдид қилган хабарини ўчириб ташлаганидан кейин Нигерия ҳукумати Твиттерни мобил тармоқлардан “тўсиб” қўйди.

Африкадаги энг кўп аҳолига эга бўлган мамлакатнинг интернет фойдаланувчилари аксарият ҳолатларда интернет хизматидан ўз мобил қурилмалари орқали фойдаланадилар. Ахборот вазири Лай Муҳаммад жума куни берган баёнотида ҳукумат Твиттерни “Нигериянинг корпоратив мавжудлигига таҳдид солгани учун” тўсиб қўйганини айтди.

Тахминан 68 миллион нафар нигериялик фуқаро мобил алоқаси орқали интернетдан фойдаланишади. Твиттер “блокланиш” бўйича текширув ўтказаётганини ва аниқланган маълумотларни тақдим этишини айтиб ўтди.