Олой маликасини эслаб

Олой маликаси” ҚУРБОНЖОН ДОДХОҲ Мамат қизи (1811 — Ўш яқинидаги Моди қишлоғи — 1907.1.2) — чор Россияси мустамлакачилигига қарши кўтарилган қўзғолон раҳбари, Қўқон хонлиги вазири Олимбек додхоҳ Ҳасанбой ўғли (1800—63)нинг рафиқаси бўлган. Қўқон хонининг ҳарбий саркардаси Қашқардан қайтишда унга уйлангач (1832), Қурбонжонни хон саройига олиб келиб, Нодирабегимга таништирган. Нодирабегим ва Увайсий каби ўзбек шоиралари таъсирида Қурбонжон додхоҳнинг дунёқараши шаклланган. Қурбонжон додхоҳ 5 ўғил ва 2 қизнинг онаси бўлган. Олимбек додхоҳ ҳокимият учун курашларда сарой фитнаси натижасида 1863 йилда ўлдирилгач, эрининг ўрнига маълум муддат Андижон ҳокими бўлган. Сўнгра фарзандларини олиб, ўз овулига жўнаб кетган. У “Олой маликаси” сифатида ном чиқарган. Бухоро амири Музаффархон жасур ва довюраклиги боис Қурбонжонга додхоҳ унвонини берган. Амир ёрдамида Қўқон тахтини қайта эгаллаган Худоёрхон Қурбонжонни 1865 йилда Олой воҳасининг ҳокими қилиб тайинлаган. Унинг катта ўғли Абдуллабек эса Ўш ҳокими қилиб тайинланган. Қурбонжон додхоҳ билан Қашқардаги Еттишаҳар уйғур давлати ҳукмдори Ёқуббек ўртасида яхши муносабатлар ўрнатилган.

Қўқонда хон зулми ва чор Россияси мустамлакачилигига қарши кўтарилган Пўлатхон қўзғолонида Қурбонжон додхоҳ ва унинг фарзандлари — Абдуллабек, Маҳмудбек, Ҳасанбек, Ботирбек ва Қамчибек ҳам қатнашган. Пўлатхон қўзғолони бостирилгандан кейин Олой воҳасидаги аҳоли Қурбонжон бошчилигида курашни давом эттиришган. Қўзғолон 1876 йилда бостирилгач, Туркистон генерал-губернатори Кауфман томонидан Қурбонжон додхоҳ афв қилинган. Олой воҳасидаги ички бошқарувда Қурбонжон додхоҳ ўз мустақиллигини сақлаб қолган. Олой маликасининг довруғи ҳатто СанктПетербургдаги император саройигача етиб борган. Қурбонжон додхоҳ табиатан шаддод, ўз қадрини биладиган мағрур, жасоратли, ботир аёл бўлган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришларича, рус генераллари ҳам у билан муроса қилишга, сулҳ тузишга мажбур бўлганлар. Айтишларича, Қурбонжон додхоҳ билан гаплашиб, уни муросага келтириш учун рус генерали Скобелев унинг олдига майор Ионовни юборган. Аммо додхоҳ майорни қабул қилмайди ва у фақат ўзи билан унвони тенг бўлган одам келсагина музокарага киришишини айтиб, жўнатиб юборган. Буни кутмаган ва чорасиз аҳволда қолган генерал Скобелевнинг ўзи додхоҳ билан гаплашишга ва уни “Олой маликаси” деб тан олишга мажбур бўлган. Қурбонжон додхоҳ ҳам Тўмарис сингари фарзанд доғини кўрган ва бу жудоликка мардонавор дош берган она эди. Унинг ўғилларидан бири Қамчибек қатл қилинган. Кейинроқ, 1898  йилда русларга қарши кўтарилган миллий озодлик қўзғолонида Қурбонжон додхоҳнинг набиралари фаол иштирок этган. Додхоҳнинг ўзи эса узоқ ёш яшаб, 96 ёшида вафот этган.

 Хайриддин Султоннинг Бунчалар ширинсан, аччиқ ҳаёт!  китобидан олинди