Онтариода мусулмон оиланинг 4 нафар аъзоси ўлдирилди

Канаданинг Онтарио провинциясидаги Лондон шаҳрида 20 ёшли Натаниэль Вельтман исмли шахс кўчанинг юзида турган беш нафар мусулмонни ўз бошқарувидаги машина билан қасддан уриб юборган.

Бўлиб ўтган ҳужум оқибатида 4 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган. 9 ёшли бола омон қолган.

Полиция томонидан берилган хабарларга кўра, айбланувчи мусулмонларга нисбатан нафрат ҳисси билан яшаган. У қотилликни олдиндан режалаштирган. Велтман Канадада тақиқланган ҳеч бир террористик гуруҳ аъзоси эмас. Унга тўрт кишини қасддан ўлдириш ва бир кишини қасддан ўлдиришга уриниш айби қўйилган. Полиция терговнинг давом этаётганини, шу сабабли кўп тафсилотлар ошкор қилинмаслигини айтмоқда. Айбланувчи илгари жиноий жавобгарликка тортилмаган.

Содир бўлган мудҳиш воқеани Канада бош вазири Жастин Трюдо кескин қоралади.

Тўрт йил муқаддам Quebec масжиди содир бўлган отишмада олти киши ҳалок бўлган эди. Масжидда отишма уюштирган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Куни кеча содир бўлган ҳужум Канада тарихидаги мусулмонларга нисбатан уюштирилган энг даҳшатли ҳужумлардан бири бўлди.

Сайт жамоаси вафот этган диндошларимизнинг ҳақларига дуода. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.