Пластикни “ейдиган” яхта

Франциялик океан сайёҳи Иван Борнон ва унинг жамоаси ажойиб яхта ишлаб чиқдилар. Унинг айтишича, яхта дунё океани заҳарланишини тўхтатиш учун пластик чиқиндиларни йиғиб олади ва қайиқни ҳаракатлантириш учун зарур қувватни олиш учун ўша чиқиндиларни ёқилғига айлантиради.

Борноннинг таъкидлашича, агар шундай қайиқлардан 400 та ишлаб чиқарилса, улар океанлардаги пластик чиқиндиларнинг учдан бир қисмини тозалашлари мумкин.

Ҳозирда унинг фақат лойиҳавий шакли мавжуд, аммо Борнон ва унинг жамоаси яхтанинг тўлиқ ишловчи прототипи 2024 йилда ишга туширилишига умид қилмоқда.

Қайиқ сув бўйлаб ҳаракатланаётганда, конвейер тасмаси чиқиндиларни йиғади, саралайди, сўнг уни қозонхонага етказиб беради. Қозонхона ўз навбатида пластикни эритиб, турбинани ҳаракатга келтирадиган ва қайиқ дастурларидан фойдаланиш учун керакли электр энергиясини ишлаб чиқаради.

Борноннинг фикрига кўра қайиқ, пластикни эритишдан олинадиган электр энергияси, қуёш батареялари ва қайиқнинг пастки қисмида жойлашган шамол турбиналари билан бирга жами 70% қувват билан ўзини ўзи таъминлайди.