Россия ўз ғарбий чегарасига қўшимча 20 та ҳарбий қисмлар жойлаштиради

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу АҚШ ва НАТО ни мамлакатнинг ғарбий чегарасида ҳарбий авиация, денгиз ва пиёда қўшинларининг позицияларини кучайтиришда айблади.

Жаноб вазир 2021 йил охирига қадар Россия ўз ғарбий чегараси бўйлаб 20 та ҳарбий қисмларни жойлаштиришни режалаштираётгани ҳақида айтиб ўтди. “Ғарблик ҳамкасбларимизнинг ҳаракатлари дунё хавфсизлик тизимига таҳдид солмоқда ва бизни қарши чоралар кўришга мажбур қилмоқда. Шунга мос равишда биз доимий равишда қўшинларнинг жанговар таркибини яхшилаб боряпмиз”, – дея давом этди Шойгу ўз нутқида.

Унинг сўзларига кўра, Россия Федерациясининг ғарбий чегарасида ҳарбий таҳдид ўсишда давом этяпти, чунки АҚШ ва бошқа НАТО га аъзо давлатлар охирги вақтларда стратегик авиация рейсларининг жадаллигини оширган. Ҳарбий кемаларнинг мавжудлиги, ҳарбий машқларнинг кўпайиши ўзига хос хавотирга сабаб бўляпти. “Чегара қисмларга жойлаштириладиган янги ҳарбий қисмлар замонавий қурол-яроғ ва жиҳозлар билан таъминланади, йил охирига қадар Ғарбий ҳарбий округ 2000 турдаги янги қурол аслаҳаларга эга бўлади”, – деди мудофаа вазири.

НАТО Россия билан мулоқотга тайёр

НАТО ҳарбий қўмитаси раиси Стюарт Пич Москва НАТО – Россия учрашувини ўтказиш таклифига жавоб бермаганини афсус билан баён этди. У Альянс Москва билан очиқ мулоқот қилишга ва “Россия агар рухсат берса, у билан конструктив муносабатларга киришиш”га тайёрлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Россия “Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид қилиш, шунингдек, унинг чегараларида ҳарбий ҳаракатлар билан “агрессив ҳаракатлар схемасини” давом эттирмоқда.

15 май куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг тинчлик масалалари бўйича мутахассислар билан учрашувда “НАТО ўзаро мулоқотни таклиф қилаётганини, аммо Россия ўз уйида ҳам жаҳон саҳнасида ҳам агрессив ҳаракатларни давом эттираётганини” айтди. Столтенберг Россияга нисбатан иқтисодий босим ва санкцияларни сақлаб қолиш зарурлигини билдирди.

Охирги марта НАТО – Россия Кенгаши 2019 йил июль ойида бўлиб ўтган. Россиянинг НАТОдаги вакили лавозими уни эгаллаб турган Александр Грушко 2018 йил январь ойида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимига ўтказилганидан бери бўш қолмоқда.