Самовий саргузаштларда биринчилик учун кураш

Космик туризм соҳасидаги пойга қизғин тус олиб бормоқда. Икки космик компаниянинг икки нафар таниқли миллиардер асосчилари 2021 йилнинг июль ойида ўз космик кемаларидан фойдаланган ҳолда очиқ коинотга биринчи бўлиб саёҳат қилиш учун интилмоқдалар.

Parabolic Arc блогида ёзилишича, Virgin Galactic асосчиси Сер Ричард Бренсон Жефф Безосни “коинот пойгаси”да ортда қолдирмоқчи.

Amazon ва Blue Origin асосчиси Жефф Безос 20 июль куни ўзининг космик корхонасида тайёрланган “New Shepard” ракетасида коинотга саёҳат қилишини эълон қилганди.

Исми сир қолишини хоҳлаган инсайдернинг маълум қилишича, Virgin Galactic Бренсонни SpaceShipTwo ракетасининг синов парвозида коинотга Безосдан олдинроқ учиришни режалаштирмоқда. Парвознинг аниқ санаси очиқланмаган бўлсада, у 2 июлдан кейинги дам олиш кунларига мўлжаллангани айтиляпти.

Агар парвоз амалга ошса, бу Бренсонни сайёҳлик компаниясининг космик кемасида коинотга учган биринчи шахс мақомига олиб чиқади.