Шинжондаги уйғурларга нисбатан яна бир ваҳшийлик

Германиялик таҳлилчи Адриан Зенз томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра Хитойда олиб борилаётган сиёсат 20 йил ичида асосан мусулмон уйғурлар ва Шинжондаги бошқа этник озчиликларнинг туғилиш даражасини 2,6-4,5 миллионгача қисқартириши мумкин.

Ушбу ҳисоботда Хитой академиклари ва расмийлари томонидан Пекиннинг Шинжонда туғилишни назорат қилиш сиёсати ортидаги ниятлари тўғрисида илгари хабар қилинмаган маълумотлар бор. Расмий маълумотларга кўра 2017 йилдан 2019 йилгача Шинжонда туғилиш кўрсаткичи 48,7 фоизга камайган.

“Бу (тадқиқотлар ва таҳлиллар) ҳақиқатан ҳам Хитой ҳукуматининг уйғур аҳолиси учун узоқ муддатли режаси қандай эканини кўрсатмоқда”, – деди Зенз Реутерс агентлигига.

Хитой ҳукумати Шинжонда уйғур ва бошқа этник озчиликларнинг сонини камайтириш бўйича мақсадларни расман эълон қилмаган. Туғилиш тўғрисидаги маълумотлар ва демографик прогнозлар ҳамда хитойлик академиклар ва олимлар томонидан тадқиқ қилинган этнослар нисбатини таҳлил қилиш асосида Зенз, Пекин Шинжонда ханларнинг сонини 8,4 фоиздан 25 фоизгача ошириши мумкинлигини тахмин қилмоқда. “Бу мақсадга улар уйғурларнинг туғилиш даражасини кескин камайтириш орқали эришишлари мумкин”, – деди Зенз.

“Хитойга қўйилаётган “Шинжондаги геноцид” айби бу соф бемаъниликдир”, – дея раддий бермоқда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Рейтерс агентлигига. “Бу Қўшма Штатлар ва Ғарбдаги Хитойга қарши кучларнинг ғаразли ниятлари ва Синофобия касаллигининг кўринишидан бошқа нарса эмас”.

Шинжонда этник озчиликлар учун туғилиш квоталари 2017 йилдан бери қатъиян амалга оширилмоқда. Турмуш қурган жуфтларни бир-бирларидан ажратиш ва стерилизация қилиш жараёнлари, интраутерин воситалар (спираль) ва абортлар ушбу сиёсатнинг исботидир.

Хабарларга қараганда кўп фарзандли бўлгани учун айрим уйғурлар қамоққа ҳам ташланмоқда. Рейтерс ҳибсга олинганлар ҳақида мустақил равишда маълумот ололмади. Шинжон ҳукумати туғилишнинг чекланиш сиёсати уйғурлар ва бошқа этник мусулмон озчиликларга нисбатан қатъийроқ қўлланилиши тўғрисида изоҳ бериш талабига жавоб бермади.