Токио Олимпиадаси иқтисодий инқирозга тенглаштирилмоқда

Олимпиаданинг очилиш маросимига беш ҳафта вақт қолганида, Японияликлар ўйинларни кейинга қолдиришни ёки бекор қилишни талаб қилишмоқда.

Ўйинлар ўтган йили КОВИД-19 туфайли бекор қилинган эди. Бу йил ўтказилиши режалаштирилган Олимпиада ўйинлари беш ҳафтадан сўнг Токиода бошланади. Аммо очилиш маросими яқинлашгани сари, Японияда кўпчилик ўйинларни ўтказиш тўғрисида қарорга қаршилик қилишда давом этяпти. Мутахассисларнинг фикрича, Олимпиада ўйинлари давомида юзага келиши мумкин бўлган коронавирус пандемиясининг навбатдаги тўлқини мамлакатнинг заифлашиб қолган иқтисодини қайта тикланишига халақит бериши мумкин.

Чет эллик томошабинларнинг ўйинларга ташриф буюриши тақиқланган бўлсада, ушбу тадбир жараёнига бутун дунёдан спортчилар ва расмийлар жалб қилинади. Бу эса КОВИД-19 нинг янги вариантларини Японияга кириб келиш хавфини оширади.

Баъзи соғлиқни сақлаш мутахассисларининг таъкидлашларича, ўйинлар “касаллик тарқатувчи” тадбирга айланиб кетиши мумкин.

Япония КОВИД-19 инфекциясининг тўртинчи тўлқинини бошидан ўтказяпти. Ҳозирда касалликлар сонида анчагина пасайиш мавжуд.

Ҳукумат эмлаш жараёнини тезлаштирган ва кучайтирган бўлсада, Япония бу борада бошқа ривожланган давлатлардан орқада қолмоқда.

Бугунги кунда Япония аҳолисининг 6 фоизидан кўпроғи тўлиқ ва 10 фоиздан камроғи қисман эмланган.

Япония Марказий Банкининг собиқ иқтисодчиси ҳисоб-китобларига кўра, пандемия билан боғлиқ учта тўлқин мамлакатга 6,4 триллион, 6,3 триллион ва 3,2 триллион иена (58,1 миллиард доллар, 57,2 миллиард доллар ва 29 миллиард доллар) миқдорида зарар етказган. Агар Японияда бешинчи тўлқин юзага келса, Япония иқтисоди инқироз ёқасига келиб қолиши мумкинли башорат қилинмоқда.