Трюдо ҳинду болалар ўлимига жавобгарликни черков олиши кераклигини айтди

Канада бош вазири Жастин Трюдо католик черковини масъулиятни ўз зиммасига олишга чақирди, Папа Френсис эса Аборигенлар мактабида 215 боланинг қолдиқлари топилиши билан боғлиқ можародан кейин канадалик кардиналлар билан учрашди.

Шанба куни Папа Френсис, Ватиканда истиқомат қилувчи канадалик кардинал Майкл Серний ва кардинал Марк Оле билан режадан ташқари алоҳида учрашди.

1978 йилда ёпилган Британия Колумбиясидаги Камлупс ҳинду мактабида болалар қолдиқларининг топилиши ўтган ойда эски яраларни қайта очди ва бу бўйича етарли маълумот берилмагани ва жавобгар йўқлиги сабабли Канадада омма ғазабига сабаб бўлди.

“Католик сифатида мен католик черковининг ҳозирги ва сўнгги бир неча йил ичида эгаллаб турган позициясидан жуда хафаман. Биз бу масъулиятни ўз зиммасига олишини кутмоқдамиз”, деди Канада бош вазири.