Турк ўқувчига тазйиқ

Францияда бир лицейда ўқитувчининг 1915-йилги армани қирғини билан боғлиқ гапларини рад қилган турк миллатига мансуб Алтай исмли ўқувчи қамоқ ва жарима таҳдиди билан қўрқитилди. Таҳдиддан кейин ўқувчини француз хавфсизлик хизмати кучлари ушлаб олиб, дини туфайли тергов қилди.

Маълум бўлишича, 2-июнь куни ўқитувчи 40 дақиқа мобайнида “турклар арманилари қирган” мавзусида маъруза қилган ва бунга жавобан Алтай “бунга бирон далил-исбот борми?” деб сўраган. Алтайнинг бу саволидан ўқитувчи ва яна бир ўқувчи ғазабланган. Бунга жавобан турк ўқувчи Европа Инсон ҳуқуқлари судининг армани қирғинини тан олмаганини, Францияда бунинг жиноят эмаслигини айтган ва 9-июнь куни хавфсизлик хизмати вакиллари томонидан кўрсатма бериш учун чақирилган.

Лицей ўқувчиси хавфсизлик кучлари вакилларининг ундан ота- онаси ва ака-укаларининг исмини сўраб, ижтимоий тармоқдаги ҳисобларини номини ва паролини олишганини айтмоқда.

“Мусулмонмисан, динингга амал қиласанми, намоз ўқийсанми?” каби саволлар берилган Алтай бўлиб ўтган воқеадан қаттиқ руҳий изтироб чекканини, имтиҳонларига қунт билан тайёрлана олмаганини, устига-устак ўз келажаги учун хавфсирай бошлаганини ҳам сўзлаб берди.

Алтайнинг лицейга чақирилган отаси Актай эса мудирга “Хўп майли, болам хато қилган бўлса, жазо беринг” деганини, аммо мудирнинг бунинг иложи йўқлигини айтганини таъкидлади. Ўғлидан кейин ўзи ҳам хавфсизлик идорасига чақирилган ота “фақат бир дақиқагина армани масаласини гаплашдик, кейин мавзу буралиб, радикаллик ва диндорликка ўтиб кетди” дейди.