Туркия яна бир мега-лойиҳани амалга оширишни бошлади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа дунёнинг энг гавжум денгиз ўтиш йўлларидан бири бўлган Босфор орқали кемалар ҳаракати ортиб бораётган бир пайтда Истанбулнинг хавфсизлиги учун зарурдир.

“Истанбул канали Туркиянинг ривожланишидаги тарихий “янги саҳифани” очади”, – деди мамлакат президенти мега-лойиҳанинг тамал тошини қўйиш маросимида.

Босфор ва Истанбулга нисбатан тобора ортиб бораётган денгиз тижоратидан таҳдидлар Истанбул канали қурилишини кечиктириб бўлмас заруратга айлантирди.

Истанбул бўғозидан ҳар йили ўтган кемалар сони 1930 йиллардаги 3000 тадан бугунги кунда 45000 тага етганлигини таъкидлаган президент, 2050 йилга қадар бу бўғоз орқали 78000 дона турли хил ўлчамдаги кемалар саёҳат қилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ҳар бир катта кема Истанбул учун жиддий хавф туғдиради.

Эрдўған дунёнинг энг гавжум денгиз йўлларидан бири бўлган Босфор орқали кема қатнови тобора кучайиб бораётган бир пайтда Истанбул хавфсизлиги учун Мармар денгизини Қора денгиз билан боғлайдиган муқобил маршрутни таклиф қилганди.

“Истанбул канали Босфор бўғозидаги тарихий ва маданий ёдгорликларни ҳимоя қилиш учун муҳим лойиҳадир”, – деди у канал қурилишининг очилиш маросимида.