“United” авиакомпанияси 2029 йилгача товуш тезлигидан тезроқ учувчи самолётлар қатновини йўлга қўймоқчи

АҚШнинг “United” авиакомпанияси 2029 йилга қадар 15 та овоз тезлигидан тезроқ уча оладиган самолётларни сотиб олиш ва “товуш тезлигидан юқори авиация” лойиҳасини ҳаётга қайтариш режаларини эълон қилди.

Supersonic (товуш тезлигидан юқори авиация) йўловчи рейсларига 2003 йилда Air France ва British Airways компаниялари Concord корхонасининг фаолиятини тугатганларидан кейин барҳам берилган эди.

Supersonic парвозларни амалга ошириши мумкин бўлган янги Overture самолёти Денверда жойлашган Boom деб номланган компания томонидан ишлаб чиқарилади. Тез орада унинг овоз тезлигидан тезроқ уча олиши синовдан ўтказилади.

Supersonic парвоз – бу самолёт товуш тезлигидан юқори тезликда ҳаракатланиши бўлиб, у 18 300 метр баландликда соатига 1060 кмдан юқори тезликда парвоз қилиш деганидир.

Ҳозирда истеъмолда бўлган оддий йўловчи самолётларининг энг юқори тезлиги тахминан соатига 900 кмни ташкил этади, аммо Overture нинг тезлиги соатига 1805 кмга етиши кутилмоқда. Бундай тезлик билан Лондон ва Нью Йорк орасидаги саёҳат вақти икки бараварга қисқартириш мумкин бўлади.

1976 йилда йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлаган Concord самолёти бундан ҳам тезроқ, соатига 2180 км тезликда ҳаракатлана олган.