Вашингтон Шимолий Кореяга қарши санкцияларни қўшимча бир йилга узайтиради

Қўшма Штатлар Шимолий Кореяга қарши санкцияларни қўшимча йилга, кейинги июнь ойигача узайтирди.

АҚШ президенти Жо Байден АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид билан курашиш учун Халқаро фавқулодда иқтисодий кучлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ Шимолий Кореяга нисбатан миллий фавқулодда вазиятни қўшимча бир йилга узайтириш тўғрисида фармон чиқарди.

АҚШнинг Шимолий Кореяга қарши санкциялари тарихи ўнлаб йилларга бориб тақалади, аммо АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп Пхенянга қарши 2018 йилда энг қаттиқ санкциялар қўйилганига қадар уларда кўтарилиш ва пасайишлар бўлиб турган.

Қўшма Штатлар заиф иқтисодиётга эга бўлган Пхенянга, авваламбор, ядро дастурини ишлаб чиқишига йўл қўймаслик, айниқса, АҚШнинг йирик шаҳарларига етиб бориши мумкин бўлган ядровий каллакларни кўтаришга қодир ракеталарни олдини олиш учун кўпроқ босим қилишга ҳаракат қилмоқда.