Вильнюсда “портал” ўрнатилди

Албатта, пандемия чекловлари инсонларни “тоза” чарчатиб юборди: на саёҳат қилиш мумкин ва на янги дўстлар орттириш мумкин. Бу борада Литванинг Вильнюс шаҳри қизиқарли ечим таклиф қилди. Ушбу лойиҳа доирасида шаҳардан яна бир бошқа шаҳарга реал вақт режимида ишловчи “портал” очилди.

Шаҳар марказий темир йўл станциясининг ёнида портал учун юмалоқ “эшик” ўрнатилди. “Эшик” Польшанинг Люблин шаҳридаги яна бир бошқа портал “эшигига” уланди. Люблин шаҳри Вильнюсдан тахминан 600 километр (ёки тахминан 375 миль) узоқликда жойлашган. Иккала порталда ҳам камералар ва икки шаҳар ўртасида жонли тасвирларни намойиш этадиган катта доира шаклидаги экранлар мавжуд. Бу инновация рақамли кўприкнинг бир тури десак муболаға бўлмайди.

“Вақт ғилдираги”ни эслатувчи айлана дизайни илмий-фантастик фильмлардан илҳомланиб Вильнюс Гедиминас техника университети қошидаги Ижод ва инновация маркази муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳа устида ишлаш жараёни бошланганига беш йил бўлган ва бир йил давом этган пандемия тақиқлари унинг очилиши учун айни муддао бўлди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашларича, айни турдаги порталлар келажакда бошқа шаҳарлар ўртасида ҳам ўрнатилиши режалаштирилмоқда.