Хитой денгиз сувидан уран олишни бошлайди

Жаҳон ядро ассоциацияси маълумотларига кўра, Хитойда 19 та атом реакторлари қурилиш жараёнида, 115 тасининг эса қурилиши режалаштирилмоқда. Бироқ, Хитойда бу реакторларда «ёқиш» учун етарли даражада уран заҳираси мавжуд эмас.

Қурилишнинг ҳозирги даражаси (йилига 6-8 завод) Хитойга ҳар йили 35 000 тонна уран кераклигини англатади. Айни вақтда мамлакатда жами 170 000 тонна уран захираси мавжуд ва бу захира беш йил ичида тугайди.

Хитойга етказиб берилаётган ураннинг 70 фоизи асосан Австралия ва Канада давлатларидан келади. Келажакда ураннинг етказиб берилиши тўхтатиши мумкинлигини англаб етгач, Хитой «ноанъанавий» ресурслардан уран олиш ҳақида ўйлай бошлади ва муҳим стратегияни ишлаб чиқди. Шундай стратегиялардан бири ҳар кубометр сувида 3 мг уранни сақловчи денгиз сувини қайта ишлаш лойиҳаси аълоҳида эътиборга моликдир.

Уран денгиз сувида жуда паст концентрацияларда мавжуд ва у углерод ҳамда кислород билан жуда барқарор шаклда боғланади. Бундан шуни англаб етиш мумкинки, уранни денгиз сувидан ажратиб олиш жуда қиммат операция ҳисобланади. Бир килограм уранни денгиз сувидан ажратиб олиш харажатлари 1000 долларга тенг.

Табиий муҳитда қазиб олинадиган ураннинг 1 килограми учун ўртача 100 доллар, яъни денгиз сувидан уран ажратиб олиш харажатларидан 10 баробар камроқ маблағ сарфланади.

Шунга қарамай, Хитой сувдан уран қазиб олишни тезлаштириш учун махсус завод қурилишини эълон қилди. Расмий Пекин завод ҳақида ҳеч қандай техник тафсилотларни очиқламади, бироқ сўнгги йилларда бир нечта тадқиқот гуруҳлари ушбу соҳада муваффақиятга эришганини таъкидлади.