Хитой навбатдаги космик парвозни амалга оширди

Хитойнинг “Шэньчжоу -12” космик кемаси бортида уч нафар космонавтлар билан ХХР Ернинг паст орбитасида қуришни давом эттираётган орбитал станциясига муваффақиятли равишда уланди. Уланиш жараёни Хитойнинг Марказий телеканали орқали жонли эфирга узатилди.

Кемадаги уч нафар космонавтларнинг бири Не Хайшэн экипаж қўмондони ҳисобланади. Ундан ташқари капсулада Лю Бомин ва Тан Хунболар ҳам бор. Парвоз тахминан олти ярим соат давом этди. Хитойнинг орбитал станцияси учта элемент – “Тяньхэ” модули, “Тяньчжоу-2” юк кемаси ва бошқариладиган “Шэньчжоу-12” капсуласидан иборат.

“Шэньчжоу-12” пайшанба куни Пекин вақти билан эрталаб соат 09:22 да Гансу вилояти ва автоном ички Монголия (Шимолий Хитой) вилояти чегарасида жойлашган Цзюцюань космодромидан орбитага учирилди. Қурилмани орбитага чиқариш учун “Чанчжэн-2-Ф” ракетасидан фойдаланилди.

Хитой биринчи марта синов режимида (инсонсиз) “Шэньчжоу-1” парвозини 1999 йил ноябрь ойида амалга оширган. ХХР биринчи космонавти Ян Ливей эса 2003 йил октябрь ойида орбитага юборилди. Куни кеча орбитага учирилган миссия давомида Хитой космонавтлари уч ой муддат давомида очиқ коинотда бўладилар.