Хитойлик олим коронавируснинг тарқалиши бўйича муносабат билдирди

Уҳан вирусология институти етакчи мутахассиси Ши Чженли коронавирус Уҳан лабораториясидан тарқалган бўлиши мумкинлиги бўйича АҚШнинг даъволарини рад этди.

The New York Times газетасига берган интервьюсида, Ши вируснинг институтдан “чиқиб кетгани” бўйича ҳеч қандай далил йўқлигини айтди. “Ахир бирор-бир исбот-далил бўлмаса, мен қандай қилиб далил келтира оламан?”- деди у газетага.

Ши хоним дунё аҳли бегуноҳ олимларга доимий равишда “лой чаплаш” даражасига тушиб қолганидан ҳайратини яширмади.

У, шунингдек, The Wall Street Journal газетасининг сўнгги хабарида айтилганидек, институтнинг учта тадқиқотчиси Ковид-19 касаллигининг дастлабки ҳолатлари аниқланганидан бир ой олдин коронавирус инфекциясига ўхшаш симптомлар оқибатида тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилганлиги тўғрисидаги миш-мишларни ҳам рад этди.

“Уҳан вирусология институтида бундай ҳолатлар содир бўлмади”, – деди у. “Агар иложи бўлса, бизнинг текширувимизга ёрдам бериш учун ушбу уч кишининг исмларини айтиб бера оласизми?”- дея давом этди мутахассис.

Ши Чженли 2020 йил декабрь ойининг бошларида биринчи бўлиб коронавируснинг тарқалиши ҳақида огоҳлантирган Хитой экспертларидан бири ҳисобланади.

Унинг сўзларига кўра, Хитойнинг жанубий ва жануби-ғарбий қисмида яшовчи кўршапалаклар одамларга юқиши мумкин бўлган янги коронавируснинг ташувчиларидир.

У, шунингдек, коронавирус инфекциясининг бу янги тури Хитойдан ташқарида, табиий муҳитда вужудга келган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.