Хоразмлик немислар тарихидан

“Оқмачитдаги бозордан зотдор сигир сотиб олдим”, “Пеннер ишлаган сурат зўр чиқибди”, “Вильгелм менга қарз бериб турди”, “Херман ажойиб дурадгор экан, унинг ясаган эшиги сифатли…” хуллас, бундай гап-сўзларни XIX аср охири ва XX асрнинг 37-йилларигача узоқ Оврўпада эмас, Хива ёки Урганчда тез-тез эшитиш мумкин эди. Чунки, бу даврда Хоразмда немислар яшашган.

Насроний динининг аннабатизм мазҳабидан XVI асрда ажралиб чиққан протестантлик оқимидаги немислар—меннонит немислари деб аталган. Унинг маъноси итоатгўйлик дегани бўлиб, улар диний эътиқодларига кўра қурол ушлаб урушларда қатнашиш каби ишларни мудҳиш иш ҳисоблаб, гуноҳ атаганлар. Шу боис ҳам уларнинг тақдирига ватанни ташлаб кетиб сарсон-саргардончиликда юриш ёзилганди.

Бу қисмат айниқса XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб уларни бошқа ҳудудларга кетишга бошлади. Пруссия ҳукуматининг урушга тайёргарлик кўриш асносида меннонит немисларини ҳам ҳарбий хизматга жалб қилишга уриниши уларнинг ватанлари – Амрионбургни ташлаб кетишга мажбур қилди.

Русия императорига меннонит немисларидан тушган таклиф — уларнинг рус сарҳадларига кириб келишга ижозат сўраши ижобий ҳал бўлади. Улар шу тариқа XIX асрнинг 60-йилларида Волга бўйларига жойлашиб, немис қишлоқларини ташкил қилишади. Немисларнинг Русияга келиши оммавий равишда немис миллатига мансуб кишиларнинг биринчи бор рус сарҳадларига қадам қўйиши эмасди. Бу ҳол анча илгарироқ — Екатерина II нинг подшолиги давридан бошланганди.

Асли немис миллатига мансуб бўлган Екатерина II (1729—1796) Русия чиққан 1762 йилдан бошлаб рус сарҳадларига Оврўпадан кўплаб немислар оммавий равишда кўчиб кела бошлашди.

Ҳатто Екатеина II 1763 йил 22 июлда махсус манифест эълон қилиб, хорижликларнинг Русияга оммавий равишда кўчиб келишини расмийлаштиришни маълум қилди. Шу фармонга кўра хорижликлар қаерда яшашни исташса, ўша жойдан махсус ер ажратиб бериладиган бўлди. Улар ўн йил давомида солиқлардан озод қилиндилар. Ҳар бир кўчиб келган хонадонга 30 десятина ер мулк сифатида берилди. Ана шу каби имтиёзлар туфайли Шарқий Пруссиядаги кўплаб немис оилалари Русиянинг Чернигов, Одесса, Саратов, Самара, Врорнеж губерниялари,петербург шаҳри атрофларига кўчиб кела бошладилар. Шу тарзда Россияда соҳиби немис бўлган “Генрих Бильфельд”, “Карл Штрейба”, “Краузе Штраух”, “Георг Фрик”, “Якоб Нейфельд”, “Митреполь” каби фирмалар фаолият кўрсата бошлади. Улар шу тарзда XVIII-XIX асрларда Урал конлари, Сибирь ўрмонлари, Кавказ нефтининг ҳам хўжайинларига айландилар.

Қолаверса, Романовлар сулоласи Русия тахтини бошқаришда немис дворянларига суяниб сиёсат юргизишганлар. Императорларга ҳам кўпроқ хорижлик ёки рус дворянидан бошқа хорижлик ёки рус дворянидан немис дворяни ўз таъсирини кўпроқ ўтказа олган.

Ана шу тарзда Русияда фаолият кўрсатаётган немислар сафига менонит миллатдошлари келиб қўшилишди. Бу пайтда Русия сарҳадлари Туркистон томон кенгаётган давр эди.

Русиянинг икки бошли бургут тасвири туширилган байроғи Болтиқбўйидан то Кавказ чўққиларигача, Сибирь ўрмонлари-ю, Украина даштларида ҳилпираганича турарди.

1853 йили Қўқон хонлигига қарашли Оқмачитнинг Русия томонидан истило қилиниши билан Туркистондаги хонликларни бўйсундиришга ҳаракат бошланди. Русия армиясининг шиддат билан қилган жангу-жадаллари натижасида бирин-кетин Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги Русиянинг мустамлакасига айланди. Шу тариқа Русия аҳолиси руслардаги кўп туғилиш туфайли эмас, балки босиб олинган ўлкаларнинг аҳолиси ҳисобига кўпая бошлади. Русия аҳолиси Пётр I даврида 15 миллион бўлса, истилочилик ҳаракатлари авжига чиққан 1871 йили 77 миллионга етди.

Ана шу 77 миллион аҳоли орасида ўз урф-одатлари, диний эътиқодларига амал қилиб Русияда яшаётган меннонит немислари ҳам бор эди.

Бироқ, уларнинг Русиядаги барқарор ҳаёти 1874 йилда бузилди. Ўша йили Русиядаги барча диндаги эркакларни ҳарбий хизматга жалб қилиш тўғрисида қонун қабул қилиниб, қонун 1880 йилдан кучга кириши эълон қилинади. Бу қарор табиийки менонит немисларининг ҳаётида салбий роль ўйнарди. Шу боис 1874 -1880 йилларда менонит немисларининг вакиллари Петербургга, подшоҳ ҳузурига бориб, ҳарбий хизматдан озод қилишларини сўрашди. Лекин, уларнинг илтимослари рад этилади.

Шу ўринда ҳарбий хизмат ҳақидаги юқоридаги фармон ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. Императорнинг махфий маслаҳатчиси Ф.Гирс Туркистонни тафтиш қилиб, ўлкада 2406000 киши яшашини, шулардан 1200000 киши эркаклар эканлигини аниқлаганди. Унинг фикрича, шу эркакларни ҳарбий хизмат мажбуриятини юклаш масаласи ғоят қалтис сиёсатдир. Агар ана шу эркаклар ҳарбий хизматга чақирилса, 6 йил ичида ҳарбий техникани юксак маҳорат билан эголловчи жанговар армия вужудга келиб Россиянинг Туркистондаги фаолияти салбий натижа билан тугаши мумкин эди.

Шу боис, император Ф.Гирснинг фикрини инобатга олиб, “Туркистон аҳолисини ҳарбий хизматдан озод қилиш тўғрисида” қарор қабул қилади.

Менонит немислари эса 6 йил давомида Петербургга қатнай-қатнай ўзлари учун шундай қонунни қабул қилдириша олмаганди. Ана шу факт Русия императори теварагидаги юқори амалдорлар орасида немисларга ишонч бор бўлганлигини кўрсатади. Негаки, туркистонликларга қурол тутқазиб ҳарбий хизматга чақиришни хавфли деб билган мустамлакачилар, диний эътиқодига кўра қурол ушлаш умуман мумкин бўлмаган меннонит немисларини армия сафларига жалб қилмоқчи бўлгандилар. Улар немисларни ҳарбий хизматга чақириб, ўз мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлишганди.

Бироқ меннонит немислари, катта имтиёзлар яратиб берилганига қарамай, бу гал ҳам эътиқодларига амал қилиб, ҳарбий хизмат қилишдан бош тортиб яна сарсон-саргардончиликни бошлашга тайёрлана бошладилар.

Шу аснода менонит немислари орасида катта мавқега эга бўлган Янтцен Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман билан танишиб қолади. Руслашиб кетган немис зодагони оиласига мансуб бўлган фон Кауфман миллатдошлари бошига тушган ташвишини енгиллаштиришга уринади. Императорга таъсир ўтказа оладиган даражадаги Кауфман Янтценга Туркистонга кўчиб боришни таклиф қилади. Тағин миллатдошларини 25 йил давомида ҳарбий хизматдан озод қилишга ваъда беради. Бу таклиф менонит немислари томонидан 1879 йилда самимий қабул қилинади.

1880 йили Самара губерниясидан Туркистон томон худди “Буюк ипак йўли”дан юрган карвонлар сингари, 18 аравадан иборат менонит немислари йўлга чиқишди. 10 нафар оила аъзоларидан ташкил топган ушбу карвон 18 октябрда Тошкент яқинидаги Қоплонбекка жойлаштирилади. Орадан бироз вақт ўтиб, бу ерга яна 92 оиладан иборат меннонит немислари кўчиб келишади. Бир гуруҳ немислар эса Бухоро амирлигига қарашли бўлган Зирабулоқдан паноҳ топишади.

Олтмиш оиладан иборат аравалар карвони Зарафшоннинг қуйилиш қисмигача етиб келишади. Бу ерда аравадаги юклар 450 та туяга ортилганича Хоразм сари йўлга тушишади. Йўл машаққатлари ҳақида Херман Янтцен “Хавф-хатарли Туркистонда…” асарида шундай ёзади: “кун сайин иссиқ шундай қиздирардики, асло юриб бўлмасди. Шунинг учун, кундузлари туяларнинг устидаги юкларини тушириб, дам олардик. Сув деярли умуман йўқ эди. Қуёш ғарбга ботаётганда, юклар ортилиб, гоҳ тоғнинг устки, гоҳ пастки қисмидан ва беҳисоб қумтепаликлардан юриб кетаверардик. Кўп аёллар ва болалар туяларнинг устидаги тебранишлар туфайли, кўнгиллари айниб, жуда кўп азоб чекдилар. Кўп кечалар шу аҳволда ўтди”.

Улар шу аҳволда Бухоро амирлигига қарашли Илиқиқ деган жойга келишади. Худди шу жойнинг нарироғидан Амударё оқиб ўтарди. Бу ерда меннонит немисларини тўққиз елканли қайиқда хиваликлар кутиб туришганди.

Улар ана шу тўққиз елканли қайиқда ўн кун дарёда оқим бўйлаб сузиб, Петро-Александровскга етиб келишади.

Оврўпо типидаги бу шаҳарда миллатдошларини генерал фон Гроттенҳелм рафиқаси ва болалари, шунингдек бошқа ҳарбийлар билан кутиб олади. Ўзаро мулоқот она тиллари — немис тилида бўлиб ўтади.

Суҳбат пайтида генерал миллатдошларига Лавзан канали бўйидаги қароргоҳида қурилиш учун керакли нарсаларни харид қилишни маслаҳат беради. Негаки, Петро-Александровскдаги оврўпаликларнинг дўконларида немислар учун асқотадиган қурилиш ашёлари топиларди. Шу тарзда ҳар бир оила эшик, дераза, уларнинг ошиқ-мошиқлари ва мих каби нарсаларни сотиб олишади.

Кейин яна юқоридаги елканли кемаларга жойлашганича, 160 чақирим узоқликдаги Лавзан каналига қараб сузишади.

Ниҳоят, Қипчоқ қишлоғидаги Лавзан канали бўйига етиб келгач ўзларига мос турар жой қуриш учун майдон қидиришади.

Бу ҳақда Херман Янтцен шундай ёзади: “Лавзан ҳар иккала томонидан баланд дамбалар билан тўсиб қўйилганди. Биз бошпана қуриш учун дамба ортидаги ерларни ўт-ўланлардан тозаладик ва тез орада қишлоқ йўли ёнидан ертўлалар қуришга киришиб кетдик. Томни ёпиш учун ёғоч ва қамиш жуда кўп эди. Ёнилғи, ўтин ҳам етарли эди”.

Немислар фақат ўзларига эмас, балки отларига ҳам озуқа йиғишга, қишда махсус отларни сақловчи отхона қуришга киришадилар. Отхонани қуришда ўзбекларнинг ёрдамидан фойдаланадилар.

Ўзбеклар немисларга ун, гуруч, ёғ, товуқ, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам арзон баҳода сотардилар. Х.Янтценнинг ёзишига кўра, “бир метрча келадиган битта бакра балиғи 25 тийингина турарди, холос”.

Бу пайтда 1883 йилнинг қиш пайти келиб қолганди. Қиш эса немислар учун осойишта ҳолда ўтди. Баҳорда эса баланд бир тепаликка турар жойлар қуриб, атрофини девор билан яхшилаб ўраб олишади.

Бу орада немисларни қўриқлаб туриш учун келган чор армиясининг уч зобити ва бир қоровул, менонитларни Лавзан бўйига ўрнашиб олишди, дея Петро-Александровскка қайтиб кетишади. Бироқ соқчилар билан сақланган осойишталик вақтинча эди. Улар кетгач, немислардан 5 чақирим узоқликда жойлашган ёвмут туркманлари тез-тез меннонитлар атрофида пайдо бўлиб туришади.

Бу орада ёз фасли ҳам келиб, айни пишиқчилик дамлари эди. Немислар эккан картошка, помидор каби сабзавот ва мевалар ҳосилга кирганди. Соқчилар йўқлигидан фойдаланган ёвмутлар эса ўғирликка туша бошладилар. Қолаверса, меннонитларда қурол йўқлигини ёвмутлар яхши билардилар. Негаки, қўлларига қурол ушлаш умуман мумкин бўлмаган меннонитлар атрофида буғу, ёввойи тўнғиз, сиртлон, шоғол каби ҳайвонлар изғиб юришарди.

Ўша пайтда меннонитлар бошига тушган оғир кунларни хотирлаб Х.Янтцен кейинчалик шундай ёзганди:

“Улар аввал отларимизни ўғирлашди. Кейин очиқчасига Абрамнинг ёшгина хотинини ўғирлаб кетмоқчи бўлишди. Хотинини ҳимоя қилишга уринганида, унинг ўзини ўлдириб кетишди. Баъзан улар одамларимизни уйларидан ҳайдаб чиқариб, у ердан ўзларига ёққан нарсаларини олиб кетардилар. Айрим ҳолларда биз ёшлар баъзи эркаклар билан бирга улардан ўзимиз ясаган найзаларимиз ёрдамида ҳимояланишга уринардик. Бундан хабардор бўлган кексаларимиз бундай қилмаслигимизни сўраб, Эп тоғанинг оёғига йиқилиб, ёлворардилар”.

Кексалар эса, ёшларга эътиқодларига амал қилиб қурол ишлатишдан воз кечишни талаб қилардилар. Ёвмутларнинг таъқибу-тазйиқлари эса меннонитларни оғир аҳволга солиб қўйганди. Ҳатто, йигирмата оила Хива хонлигидаги паноҳдан воз кечиб, Америкага кетишга тайёргарлик кўра бошлайдилар.

Ана шундай таҳликали кунларнинг бирида Қипчоқ қишлоғидаги тўқайзорда ов қилгани кичик отряди билан казак зобити келади. У менонитларнинг хомушлиги сабабини билгач, хивалик аскарларни бу ерга юборишга ваъда беради.

Ов тугаб казак зобити жўнаб кетгач менонитлар ҳузурига Хивадан аскарлар келади. Аскарларга хоннинг вазири Қосим девон бошчилик қиларди. Вазир менонитлар ҳаёти билан танишаркан, немис усталари ясаган ҳунармандчилик буюмларини кўриб ҳайрон қолади. Юксак дид билан оврўпача ясалган буюмлар вазирга хоннинг сўзларини эслатганди. Негаки, Муҳаммад Раҳимхон II Петербургга борганида шунақа буюмларни саройда кўриб, паркетли бинога эга бўлишни истаган ва пойтахтдан қайтгач бу воқеани вазирларига ҳикоя қилиб берганди.

Хоннинг орзуси немислар туфайли ушалиши, қолаверса шундай бўлган тақдирда ўзи ҳам хон олдида юксак мавқега кўтарилишини билган Қосим Девон немис усталарини Хивага юборади.

Лавзан канали бўйидан Хивагача бўлган 150 чақирим йўлни отда юриб чарчаган усталарни хоннинг ўзи самимий кутиб олади. Усталар хонга ўзларининг ясаган тикув қутисини совға қилишади. Ёғочни яхшилаб ишлаб, устига юмшоққина пахта билан полировка ёрдамида сайқал берилган бу қути хонга Петербургни эслатади. Хон бундан жудаям хурсанд бўлади. Қосим Девондан немисларнинг Қипчоқ қишлоғидаги ёвмутлар ҳужумидан кейинги вайрона ҳолга келган ҳаётини эшитиб, уларни акасининг Оқмачитдаги боғига кўчирмоқчи эканлигини айтади. Ёвмутлар ҳужумидан хотиржамлигини йўқотган немис усталари бу таклифга бажонидил рози бўлишади.

Хоразмдан мажбурий кўчирилган меннонит немислари Тожикистонда қурилаётган Вахш сув омбори қурилишига юборилади. Кейинчалик улар Россияга, у ердан эса Канада, Германия ва АҚШга кўчиб кетишади.

Умид Бекмуҳаммад,

Тарихчи олим.