Хорижий жой номлари имлоси ва эркинлик ҳисси

Хорижий жой номларини ёзишда кўпинча русчадан кўчирамиз-қўямиз. Нега бундай қилаётганимиз, аслида бошқача ёзилиши кераклиги ҳақида деярли ўйлаб кўрмаймиз.

Рус тилида қўшма сўз ёки сифатловчили бирикма шаклидаги жой номлари аслиятда қўшиб ёки ажратиб ёзилишидан қатъи назар, чизиқча билан ёзилади ва бу рус тили учун тўғри. Масалан, рус тилида Ўртабулоқ топоними Урта-Булак шаклида, Мирзо Улуғбек тумани номи Мирзо-Улугбекский район шаклида ёзилади. Ўзбекчада эса қўшма сўзлар ва сифатловчили бирикмалар чизиқча билан ёзилмайди. Ўзбек тили учун жуфт ва такрор сўзларни чизиқча билан ёзиш хосдир.

Ню Йорк шаҳри номини кўпинча Нью-Йорк деб ёзамиз. Аслиятда New York, Янги Йорк шаҳри деган маънода. Сифатловчили жой номлари, масалан, Янги Марғилон, Кўҳна Урганч, Катта Қозирабод ўзбек тилида ажратиб ёзилади. Демак, номи мазмунан ўхшаш бўлган Ню Йоркни ҳам чизиқчасиз ёзиш зарур.

Кот д’Ивуар сўзи французчада République de Côte d’Ivoire шаклида ёзилади. Лекин русча вариантида чизиқча орттирилган. Ўзбек тилида чизиқча керак эмас. Д ҳарфидан кейин келган апостроф белгиси рус тили алифбосида йўқ. Лекин у яқинда ёзувдаги янги белги туркумига – ноҳарфий орфографик белгилар қаторига киритилибди. Ўзбек тилида ҳам шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар имло қоидаларига киритилиши керак.

Рио де Женейро шаҳри номи ҳам русчада Рио-де-Жанейро шаклида ёзилади. Ўзбекчада чизиқчалар мутлақо ортиқча. Бу шаҳар номи португалчада Rio de Janeiro шаклида ёзилади ва январ дарёси маъносини беради.

Майли, кимларнингдир ғашига тегса ҳам айтай. Ҳатто Санкт-Петербург шаҳри номини ҳам чизиқчасиз ёзиш керак. У асли немисча, дастлабки нидерландча шакли Sankt Pieter Burch бўлган. Маъноси – Авлиё Пётр шаҳри. Лекин буни қабул қилиш ўта-ўта қийин бўлса керак. Майли, чизиқча билан ёзишга шу ерда истисно қилиш мумкин. Кулкулий айтмоқчи, бундан ортиқроқ севишни арганизм кўтармайди .

Одамнинг ҳаёти, фаолияти, фикрлаши эркин бўлиши керак ва бу имлода ҳам акс этиши зарур деб ҳисоблайман.

Қуйида баъзи хорижий жой номларининг солиштирма имлоси бериляпти. Аслида русчадагидан фарқли ёзилиши керак бўлган жой номлари жуда кўп.

Шевашунос телеграм каналидан олинди, муаллиф-Авазхон Умаров