Ямандаги шайтон яшайдиган сирли қудуқ

Яманнинг шарқида жойлашган чўлда сирли бир қудуқ бор. Маҳаллий инсонлар уни иложи борича айланиб ўтишга ҳаракат қилишади. Сабаби нима дейсизми?

Чуқурлиги тахминан 250 метрлик бу қудуқнинг ичида кимнинг ёки ниманинг яшаши бугунгача номаълумдир. Маҳаллий аҳоли қудуқда шайтонлар ва ёвуз кофир жинлар яшайди, деб ишонади.

Бархут (жинлар макони, жаҳаннам дарвозаси) деб аталадиган бу қудуқнинг кенглиги 30, чуқурлиги эса 250 метр келади. Лекин, ҳалигача ҳеч ким қудуқнинг тубигача тушишга жасорат қилолмаган. Қудуқнинг қачон пайдо бўлганини ҳам ҳеч ким билмайди.

«Қудуқ жудаям чуқур. Биз уни ўлчашга ҳаракат қилиб кўрдик, лекин тубигача тушолмадик. У ерда кислород жуда оз», – дейди Яман Геологик разведкалар ва минерал заҳиралар бошқармаси мудири Салоҳ Бобхайр.

Маҳаллий аҳоли, туристлар ва ҳатто экспертларнинг айтишича, қудуқдан жуда қўланса ҳид келиб туради. Жин-шайтонларга ишонмайдиган одамлар ҳам у ерда кимдир яшаб, ўлакса билан озиқланади, деб ишонишади.

Салоҳ Бобхайрнинг айтишича, унинг командаси қудуққа тушганларида 60 метргача чидай олишган. Ўта қўланса ҳид, турли сирли овозлар ва бошқа тилсимли нарсалар туфайли қайтиб чиқишга мажбур бўлишган.

Маҳаллий аҳоли қудуқдан қушларнинг учиб чиқишини ҳам кузатади.

Мудир яна келажакда Яман ҳукумати бу қудуқнинг сирини топиш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказишини таъкидлади.