Япония Apple ва Google компанияларига қарши текширув ўтказади

Apple бошқа техник гигантлар, жумладан Google компанияси каби кўплаб текширувлар остида қолмоқда. Хабар берилишича, Япония ҳам яқин келажакда корхонага қарши ўз “терговини” бошлайди.

Текширув асосан адолатли рақобат масаласида олиб борилади ва Apple ҳамда Google компанияларининг Япония смартфон ишлаб чиқарувчилари билан ўзаро алоқалари, уларнинг маҳаллий компанияларга нисбатан адолатли муносабатлари борасида олиб борилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, iOS ва Android Япония смартфонлар бозорининг 90% дан ортиғини эгаллаб олган.

Текширув ишлари ҳукумат томонидан шакллантириладиган махсус комиссия томонидан олиб борилади. Комиссия берган хулосада Apple ва Google компаниялари адолатсиз рақобат олиб бораётгани ҳақида маълумот берилса, Япония ҳукумати монополияга қарши қонунчиликни янада қатъийлаштириш масаласини кўриб чиқади.

Европа монополияга қарши комиссияси раҳбари Маргарет Вестейжер 10 июнь куни Apple ўз платформасида муқобил дастурлар ишлаб чиқарувчиларига ўз маҳсулотларини жойлашига рухсат бериб, адолатли рақобатни таъминлаши кераклигини айтганди.

Apple, шунингдек, App Store сиёсатига ўзгартиришлар киритиш масалалари бўйича Epic Games билан ҳам судлашмоқда.