Ер ядроси совиб қолса нима бўлади?

Заминимиз тубида оловли шар қайнаб турибди. Албатта, қишнинг изғиринида, қоронғилик ва совуқда сизга бундай туюлмаслиги мумкин, лекин Ер юзасидан анча пастда деярли металлдан “ясалган” ёндирувчи марказ жойлашган. Ядронинг ташқи қисми темир ва никель қотишмасидан иборат бўлиб, у ички ядро ва магма ҳамда эритилган жинслар қатлами ҳисобланмиш Ер мантияси ўртасида буфер-тўсиқ вазифасини бажаради. Ички ядро қалин, темирга бой бўлиб, ядро шарининг диаметри 1200 километрни ташкил этади. У Ер юзасидан 2900 километр пастда жойлашган. Ядро, шунингдек, сайёрамизнинг энг иссиқ жойи ҳисобланади. Унинг ҳарорати Цельсий бўйича 6000 даражадан юқоридир.

Ички ядро ҳар минг йилда бир сантиметрга кенгайишда давом этмоқда. Агар ядро тўлиқ совиб қолса, сайёрамиз музлаб, ундаги барча тирик жонзотлар ҳалок бўлган бўларди. Бундан ташқари, инсоният зулмат қаърида қоларди.

Ядронинг совиб қолиши, шунингдек, сайёрамиз атрофидаги магнит қалқон фаолиятига ҳам жиддий путур етказади. Ушбу қалқон Ерни космик нурланишдан ҳимоя қилади. Сайёранинг ўзи сингари, Ернинг ядроси ҳам доимий равишда айланади. Ишқаланиш кинетик энергияни электр ва магнит энергиясига айлантиради.

Магнит майдони қалқонининг йўқ бўлиши Ердаги ҳаётга қанчалик жиддий таъсир қилиши аниқ эмас. Баъзи олимларнинг айтишича, сайёра радиоактив тўлқинларнинг ҳужуми остида қолади. Натижада Ер қизиб кетади ва яшашга яроқсиз ҳолга келиб қолади.

Бошқа тадқиқотчилар ядронинг совиб қолиши саратон касаллигига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисобланадиган қуёш нурлари ва шамоллари эффектининг ортиши мумкинлигига ишора қилмоқдалар. Айнан ушбу қуёш шамоллари Марс ва Венерадан барча океанлар, кўллар ва дарёларни қуритиб юборганлиги ҳақидаги таҳмин илгари сурилади.

Лекин, менинг фикримни сўрасангиз, ядронинг совиб қолиши оқибатида келиб чиқадиган акс таъсирлар гувоҳи бўлмаслигимиз яхшироқ деб айтган бўлардим.