Ювилмаган машинага жарима

Абу Даби амирлиги шаҳар кўчаларининг ташқи кўринишини яхшилаш мақсадида ташлаб кетилган ва чанг-тўзон босган автомашиналар билан курашни фаоллаштиришга қарор қилди. Мисол тариқасида, амирлик аҳолисига кир машина учун 3000 дирҳам (US$ 822) миқдорида жарима тўланиши яна бир бора эслатилди.

Эгалари дуч келган жойларда ташлаб кетилган автомобиллар мусодара қилинади, бу борада ҳокимият расмийлари ижтимоий тармоқларда барчага эълон қилди.

Шаҳар кўчаларида бу қоидаларга амал қилмаган, машинасини ташлаб кетган ёки озода тутмаган инсонларга жарималар ёзиб берилди.

Бундан аввал Дубай амирлиги Йўллар ва транспорт бошқармаси ходимлари ва йўл-ҳаракат хавфсизлиги соҳасидаги экспертлар барча автоулов эгаларини ёзнинг жазирама кунлари бошланмай туриб, ўз машиналарининг шиналарини текширувдан ўтказишга чақирган эдилар. Бу чора трассаларда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилгандир.

50 °C иссиқда шина портлаши ва йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлиши мумкинлиги эслатиб ўтилди.

RoadSafetyUAE жамиятининг экспертлари бутун амирликдаги автоулов эгалари учун тарқатилган эслатмада керакли тартибда текширувдан ўтказилмаган автотранспорт воситаларининг қандай фалокатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб ўтдилар.