Америка Гаитининг талабини рад этди

Вашингтон терговга ёрдам бериш ваъдасига қарамай, хорижий ёлланма хизматчилар Гаити президенти Жовенел Моисни ўлдиргандан сўнг, АҚШ Гаитининг асосий инфратузилмалари хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бериш учун қўшин юбориш ҳақидаги талабини рад этди.

АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали амалдорининг айтишича, ҳозирда (Гаитига) АҚШ томонидан ҳарбий ёрдам кўрсатиш режалари йўқ.

Чоршанба куни эрта тонгда Президент Моиснинг унинг Порт-о-Пренсдаги қароргоҳида бир гуруҳ қуролланган кишилар томонидан ўлдирилиши Гаитини тобора кучайиб бораётган очлик, тўдалар зўравонлиги ва коронавирус эпидемиясининг тарқалишини кучайтириши мумкин бўлган сиёсий инқирозга дучор қилди.

Гаитининг сайловлар бўйича вазири Матиас Пернинг сўзларига кўра, АҚШдан хавфсизлик тўғрисидаги сўров Гаитининг муваққат бош вазири Клод Жозеф ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўртасида ўтган чоршанба куни бўлиб ўтган суҳбатда кўтарилган. Пер Гаити пайшанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгашига мамлакатга БМТ кучларини юбориш тўғрисида сўров юборганини тасдиқлади.

“Биз шундай вазиятдамизки, мамлакат инфратузилмаси, порт, аэропорт ва энергетика иншоотлари нишон бўлиши мумкин”, – дея вазирнинг сўзларини келтиради Рейтерс.

Унинг сўзларига кўра, хавфсизликни кучайтиришни талаб қилишнинг яна бир мақсади Гаитида 26 сентабрга белгиланган президентлик ва қонун чиқарувчи органга сайловларни ўтказиш билан олдинга силжиш имкониятини беришдир.

Қўшма Штатлар ва Колумбия Гаитига ёрдам бериш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ва разведка ходимларини юборишларини эълон қилишган.