АҚШга афғонистонликларнинг илк гуруҳи етиб келди

АҚШ ҳукуматига ёрдам кўрсатган махсус муҳожирлик мақомига эга бўлган 200 нафарга яқин афғонистонликлар махсус рейс билан эвакуация қилиш операцияси доирасида жума куни мамлакатга етиб келди.

Миллий хавфсизлик кенгашининг хавфсизлик бўйича катта маслаҳатчиси Расс Траверснинг журналистларга айтишича, парвоз “АҚШ ўз мажбуриятини бажараётганини англатади ва афғонистонликларнинг мамлакатдаги миссияни қўллаб-қувватлаганлари учун жасоратли хизматини улуғлайди”.

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, биринчи рейсда махсус мақомга эга 200 нафарга яқин афғонлар ва уларнинг оила аъзолари учиб келишган. Яна 700 нафарга яқин муҳожирлар бир неча ҳафта ичида эвакуация қилинади.

Улар Виржиния штатидаги Форт Ли базасига йўл олишади. У ерда муҳожирлар бир ҳафтага яқин вақт давомида тиббий кўрикдан ўтадилар ва бошқа жойга кўчиришдан олдин қўшимча ҳужжатлар расмийлаштирилади. Қариндошлик алоқаларга эга бўлганлар қариндошлари билан, бошқалари эса АҚШ Давлат департаментининг қочқинларни қабул қилиш дастури орқали мамлакатга жойлаштирилади.

Тахминларга кўра, 2500 нафарга яқин малакали афғон фуқаролари АҚШнинг турли номаълум манзилларига юборилади.

Махсус виза 2008 йилда президент Жорж Буш томонидан амалга киритилган ва Ироқ фуқароларига АҚШга хавфсиз келишлари учун мўлжалланган эди. Ўшандан бери ҳукумат ушбу мақомига эга бўлган 70 минг нафардан ортиқ афғонларни АҚШга жойлаштирди.