Бельгияда рўмол билан боғлиқ мунозаралар авж олди

Бельгия ҳукумат вакилининг истеъфога чиқиши ҳижоб ҳақида янги сиёсий мунозараларга сабаб бўлди.

Бельгия-марокашлик аёл Ишани Ҳейваш жума куни аёллар ва эркаклар тенглиги институтидаги ҳукумат комиссари лавозимидан истеъфога чиқди.

Ҳейваш истеъфосини «ўзини кибер таъқиблар ва жинсий камситишлардан ҳимоя қилмоқчи» эканлигини билан изоҳлади. У лавозимга олти ҳафта олдин тайинланганидан бери «тинимсиз ҳужумлар» нишонига айланганини қўшимча қилди.

Мухолифат гуруҳлари унинг лавозимга тайинланишига шубҳа билан қарашган эди, чунки Бельгия «жамоат билан алоқада бўлган» ҳар қандай давлат хизматчисига диний белгили кийим кийишни тақиқлайди.

Бош вазир Александр Де Кру Ҳейваш давлат идораси хизматчиси эмаслигини ва ҳеч қандай федерал давлат қоидаларини бузмаганлигини таъкидлади.

Марокашлик дипломатнинг қизи Ишани Бельгияда диний хосликларнинг тақиқланишини «камситувчи» деб таърифлаган эди. Кейинчалик у Le Soir газетасига берган интервьюсида илгари айтган гапларини «беўхшов» дея таърифлаган.

Тадқиқотчиларнинг маълумотларига кўра, Бельгия аҳолисининг 5-7 фоизи мусулмонлардир.