Денгиз сувини юз фоизга чучуклаштирувчи ускуна кашф қилинди

Сўнгги ўн йил ичида дунёда бир одам ҳиссасига тўғри келадиган ичимлик суви миқдори 20 фоизга камайган. 3 миллиард нафардан ортиқ одам ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда. Муаммони денгиз сувини тузсизлантириш заводларини қуриш орқали ҳал қилиш мумкин. Жанубий Кореялик олимлар денгиз сувидаги тузни 99,9 фоизга «олиб» ташловчи фильтр ишлаб чиқдилар.

Тузли сувларни фильтрлаш ускуналарининг асосий муаммоси шундаки, улар тўлиқ намланганларидан кейин сувни меъёрда фильтрлашни тўхтатиб қўядилар. Шу вақтга қадар олимлар олдида фильтрлаш хусусиятларини йўқотмайдиган гидрофобик материал яратиш вазифаси турарди. Узоқ йиллик изланишлардан сўнг, полимер нано толаларини ишлаб чиқариш натижасида «орзудаги» фильтр ишлаб чиқилди.

30 кун давомида турли даражадаги синовлардан ўтказилган фильтр денгиз суви таркибидаги тузларнинг 99,9 фоизини ажрата олди.

Ишлаб чиқувчиларнинг фикрига кўра, бундай сувни тозалаш заводлари бир неча дақиқада тузли сувдан ичимлик сувини тайёрлашга қодир. Таклиф этилаётган технология ҳозирги «тескари осмосли» тузсизлантириш заводларига қараганда соддароқ ва самаралироқ ишлайди.